Буюк Британия ташқи ишлар вазирлиги  Европа Иттифоқининг Британияда яшовчи тахминан 100 фуқаросига депортация қилинишлари ҳақида янглиш тарзда огоҳлантириш хати юборган. Хатни олувчиларга маълум муддат ичида Буюк Британияни кўнгилли равишда тарк этиш буюрилган. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар бермоқда. 

Хатларда ЕИ фуқаролари мамлакатни кўнгилли равишда тарк этмасалар, депортация қилинишлари айтилган. Нашрнинг ёзишича, Буюк Британия ташқи ишлар вазирлиги ушбу ҳолат юзасидан хатлар юборилган барча одамлардан узр сўраган. 

Нашрнинг ёзишича, хато ҳақида Буюк Британияда ўз турмуш ўртоғи билан яшовчи финляндиялик ўқитувчи Ева Йоханна Холмберг мамлакат ташқи ишлар вазирлигидан хатни олганини айтгандан кейин маълум бўлган. Хатда у бир ой ичида мамлакатни тарк этиши кераклиги кўрсатилган. 

Нашр Британия ташқи ишлар вазирлигига ушбу ҳолатга изоҳ бериш илтимоси билан мурожаат қилган. Бунга жавобан вазирлик вакили хато юз берганини айтган. “Биз бу ҳолат нега содир бўлганини ўрганмоқдамиз ва хатни олган барча билан хато ҳақида маълум қилиш учун боғланмоқдамиз”, деб айтган вазирлик вакили.

Июнь охирида Буюк Британия ҳукумати Brexit’дан кейин Британияда яшовчи европаликларнинг мақоми ўзгариши ҳақидаги режасини чоп этганди. Унга кўра, европаликлар Британияда Brexit’дан кейин ҳам яшашлари ва ишлашлари мумкин бўлади, бироқ улар бунинг учун яшаш учун қайта ариза беришлари зарур. Британияда 5 йилдан кам яшаётган европаликларга эса 5 йил ўтишини кутишлари кераклиги белгиланган.