Халқимиз кексалари «сувдек сероб бўлинг» деб дуо қилади, бу билан қариялар турмушимиз фаровон бўлиб, оилада бола-чақанинг кўпайишини тилайди. Аммо бу тилак замирида сув ҳақиқатан сероб, дегани эмас. У чекланган, Яратган эгам тақдим этган неъматларни иқтисод қилиб, ундан оқилона фойдаланиш ҳақида ҳам ўйлаш керак.

Тошкент шаҳри Миробод тумани, Ойбек кўчаси 18-уйда истиқомат қилаётган хонадон эгалари бир неча бор уйнинг орқа ҳовлисида техник носоз ҳолатда қолган иссиқ қувуридан сув сизиб чиқаётганини айтиб шикоят қилган. «Тошиссиққуввати» ишлаб чиқариш бирлашмаси унитар корхонасининг Миробод туман филиалидаги мутасадди раҳбарлар юқоридаги ҳолатга панжа ортидан қараб келмоқда, деб иддао қилади хонадон эгалари.

KUN.UZ журналисти воқеа тафсилотларини ўрганиш учун филиал алоқа номерларига сим қоқди. Бизга жавоб берган, ўзини Акмал Акромов дея таништирган ходим «олти ойдан бери қувур ёриғидан сув оқиб келади, бундан филиал хабари борми?» дея юзланган мурожаатимизга қуйидагича жавоб берди: «Биз куни кеча техник жамоани юборган эдик. Лекин мазкур ҳолат юзасидан чора-тадбир қабул қилинмаган».

Ҳолатни ўрганиш учун борганимизда, ростдан ҳам қувур ёғоч пона билан беркитилгани, аммо бир сутка ўтмасдан ундан яна сув оқиб турганига гувоҳ бўлдик. Республиканинг айрим чекка ва олис ҳудудларига эндигина тоза ичимлик суви етказилиб берилаётган бир вақтда, пойтахтнинг қоқ марказида иссиқ сув оқавасининг очиқ тургани ачинарли ҳолат. Боз устига, сим тўрнинг нариги тарафида бир гуруҳ болалар ўйнаб юришибди.

«Мен қувур ёрилгани ва иссиқ отилиб чиқишидан хавотирда бўлиб, туман инспекторига мурожаат қиламан. Ҳар гал шу ҳолат такрорланганда, юрак ҳовучлаб ўтираман, ахир болалар майдонига яқин-ку бу қувур», дейди 506-сонли болалар боғчаси мудираси.

Айни кунларда боғчада 250 нафардан ортиқ бола тарбияланади. Хонадон эгаларининг ҳам хавотири етарлича: оқиб тушаётган сув осмонга кўтарилиб кетмайди, балки тупроқни лойга айлантириб ўтиб бўлмас юриш йўлагини расво қилмоқда. Уларнинг айтишича, телефон орқали ариза қилинган пайтлари базўр жавоб берган мутахассислар «бригада бошқа жойда ишлаб турибди, бўшаб қолса юборамиз» деб важлар ўйлаб топишган. «Ҳар баҳорда шу бўлар такрор» деганларидек, масала жиддийлашиб қолса, бир-икки техник ташриф буюриб, пона қоқиб кетади. 

Биз бу ҳолат юзасидан тегишли чора-тадбир қабул қилинишини, аҳоли ва болалар учун хавфсиз майдон ҳосил бўлишини кутиб қоламиз.