Киров вилоятида якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланувчи фуқаро суд ижрочилари туман бўлимига суғурта тўловлари бўйича 46,7 минг рубль қарзини тўлаш учун бир тийинлик тангалардан фойдаланди. Бу ҳақда РФнинг Киров вилояти бўйича Суд ижрочилари федерал хизмати бошқармаси маълум қилмоқда. 

"Якка тартибдаги тадбиркор ҳисобланувчи қарздорга нисбатан 42 минг рублни Пенсия жамғармаси фойдасига суғурта бадалларини ундириш бўйича ижро амалиёти Киров шаҳри Октябрь тумани суд ижрочилари ихтиёрида. <…> Қарздор қарзни тўлаш бўйича қабулга таклиф қилинди. У назорат-ўтказув пунктидан бир неча марта ўтишига тўғри келди. Гап шундаки, тадбиркор қарзини тўлаш учун бир нечта оғир банк қопларини ҳамда "чупа-чупс" қутисини келтирган. Уларнинг барчаси 1 тийинлик тангалар билан тўла эди", — дейилади хабарда.

Жами 6 ёки 7 та қоп бўлган, ижро тўлови билан қўшиб ҳисобланганда жами 46,7 минг рубль тўлаш талаб этилган.
 
"Маълум бўлишича, "давлатдан ғазабланган" тадбиркор ўзининг суд ижрочиларига нисбатан салбий муносабатини шу йўл билан намойиш этишга қарор қилган. <…> Қарздор ўзаро суҳбатда пулларни атайлаб майда тангаларга алмаштириб олганини тасдиқлади. Шу билан у суд ижрочилари қиёфасида давлатга аччиқ қилган", — дея ойдинлик киритилган хабарда.