Ўзбекистон Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов ХПК сессиясида иштирок этар экан, Ўзбекистон тумани халқ таълими мудираси (эндиликда собиқ) Нафиса Нишонова фаолияти ва умуман болаларни меҳнат қилишга ҳамда мустақил ҳаётга тайёрлаш борасида фикрлари билан ўртоқлашди. 

“Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани халқ таълими бўлимининг мудираси ҳисобланган Нафиса Нишонованинг йиғилишдаги фикрлари ижтимоий тармоқларда тарқалди. Агар фуқаро сифатида унинг гаплари таҳлил қилинса, яъни Ўзбекистонга жон куйдирувчи бир фуқаро сифатида, унинг гапларида ёмон иллатларни кўрганим йўқ. 

Масалан, мактабнинг ёки болалар боғчасининг бўш турган томорқасига картошка эккин ва шу картошка орқали болаларни ҳамда ўқитувчиларни ҳимоя қилишга, уларни озиқ-овқат билан таъминлашни арзонлаштиришда хизмат бўлади, деяпти. Бўш ётган ер бўлса, мактабни, боғчани ери бўлса, ундан чиққан ҳосил мактаб ўқувчилари, ходимлари учун бўладиган бўлса, бунинг ҳеч бир ёмон жойи йўқ. 

Ўша ер чўл бўлиб ётганидан кўра, экиб, етиштириб, ўқувчилар учун арзонроқ таом қилиб бериш мумкин. Ёки қийналган ўқитувчига етиштирилган маҳсулотдан бериб, ижтимоий ҳимоя қилиш мумкин. 

Ўша аудиоёзувда иккинчи масала ҳам қўйилган. Китоб мутоала қилинг, газета ўқинг, обуна бўлинг деяпти. Ўқитувчи янги билимларни қаердан олади, матбуот нашрларидан олади. Агар раҳбар сифатида мудира газета олинглар, обуна бўлинглар, китоб олинглар, китоб ўқинглар, деб турмаса, ҳамма китоб-газета ўқимаса ҳам бўлади. Бу раҳбарнинг вазифаси, шунга биноан, мен раҳбар ва вазир сифатида уни ҳеч ҳам қораламайман. Нафиса опа эса раҳбар сифатида шундай талабларни қўйган, бунинг ёмон жойи йўқ. 

Биз мана шу жамиятда яшаяпмизми, текинхўрликка ўрганиб қолишимиз керак эмас. Биз болаларни меҳнат орқали тарбиялашимиз керак. Ўзининг ҳудудини тозалашни, ўзи маҳсулот етиштиришни, ўзи устида ишлашни ўргатиш лозим. Агар ҳамма галстук тақиб, ақл ўргатаверса, бу ишларни ким қилади? Қачон картошка экади, қачон пахтани теради, ким ҳосилни йиғиштиради? Кийишни, ейишни билсак, ишлаш ҳам керак-ку! Агар ҳамма шунақа юраверса, жамиятда бошқа ишларни ким бажаради? Буни тўғри тушунишимиз керак. Бу биз ўқитувчилар жамоасининг асосий вазифаси, яъни тарбиялаш, меҳнат билан тарбиялаш ва ана шундай ҳаётга тайёр тура билишликка ўргатиш. Ҳозир ўқувчиларимиз мактабни битириб чиқади, ота-оналар уларни қўлида битта отвёрткани ушлаб, электр жиҳозини тугатиш ё бўлмаса, жўмракни тузатиш уқуви бўлмайдиган даражада енгил-елпи ҳаётга ўргатаяпти. Бундай қилиш керак эмас. Улар меҳнат билан тобланиши керак. Ана шунда ҳаётнинг аччиқ кунига ҳам, яхши кунига ҳам тайёр бўлиб боради. 

Ўйлайманки, қарс икки қўлдан чиқади. Биз бирлашиб, жонажон Ўзбекистонимизни ривожланиши учун меҳнат қилишимиз керак. Биз ҳам балки, Америкадаги, Германиядаги каби ҳолатларга етиб борармиз. Бунинг учун биз аввал яхшилаб меҳнат қилишимиз лозим. Бир-биримизни қўллаб, мамлакатимиз иқтисодиётини бақувват ҳолатга олиб чиқиб қўйсак, бояги масалаларга шундоқ ҳам ўрин қолмайди” , - дедит Улуғбек Иноятов.