Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллиги муносабати билан Қувасой шаҳар “Ёшлар” боғида шаҳар ҳокимлиги, “Нуроний” жамғармаси, “Маънавият тарғибот маркази”, Маданият бўлими, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди шаҳар бўлимлари, ХТМФМТТЭБ, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қувасой шаҳар Кенгаши, Ўзбекистон “Милий тикланиш” демократик партияси билан ҳамкорликда “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон” шиори остида “Набирамга бир китоб” хайрия акцияси ҳамда “Ўзбекистон – умумий уйимиз” фестивали ўтказилди. Тадбирда 1000 нафардан ошиқ шаҳар аҳолиси иштирок этди. Ёшлар боғида акцияга ташриф буюрган болажонлар учун бепул музқаймоқлар тарқатилиши билан бирга фаолият кўрсатаётган аттракционлар бепул хизмат кўрсатиши ташкил этилди. “Нуроний” жамғармаси шаҳар бўлими ҳомийлигида китобхон болажонлар учун совға сифатида 3 млн.сўмлик, жами 500 та китоб тарқатилди. Шунингдек, шу куни тадбир ўтказиш жойида мактаб ва китоб ярмаркалари ташкил этилди. 

Кўп миллатли ҳисобланган Қувасой шаҳри аҳолиси, айниқса, “Ўзбекистон умумий уйимиз” фестивали доирасидаги вилоятда фаолият кўрсатаётган 7 та миллий маданий марказнинг бадиий чиқишларини мамнуният билан кутиб олишди. Тадбирнинг бадиий қисмида ўзбек, рус, татар, тожик, қирғиз, корейс, яҳудий миллий қўшиқлари ва рақслари профессионал тарзда ижро этилиб, аҳолига байрам кайфияти ва миллатлараро тотувлик, тинчликка шукроналик ҳиссиёти улашилди. Бундан ташқари, шаҳар аҳолиси ва меҳмонлар учун турли миллатларни ўз миллийлигини акс эттирувчи кўргазмалар ташкил этилиб, тадбир иштирокчилари миллий таомлар ва пишириқлар билан сийланди.

Концерт дастури доирасида, ташкилотчилар томонидан, “Ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар билан тарбиялаш давр талаби”, “Ёшларни миллатлараро тотувлик руҳида тарбиялашда оила, маҳалла ва таълим муассасаларнинг аҳамияти” ва “Биз ягона юрт фарзандларимиз” мавзуларида қисқа маърузалар қилинди.