Америка штатлараро лотерея ассоциациясининг собиқ дастурчиси қиймати 2,2 миллион доллар бўлган лотерея чипталари билан боғлиқ фирибгарлик учун 25 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Fox news телеканали хабар берган.

Телеканал маълумотига кўра, 54 ёшли Эдди Типтон махсус кодни яратишга ёрдам берган. У компьютерларни маълум бир кунларда кутилаётган ютуқли рақамларни беришга мажбурлаган. Дастурчининг сўзларига кўра, у рақамларни акаси, яқин дўсти ва бошқа шахсларга берган, ўйиндан сўнг ютуқни ўзаро бўлишиб олишган. 

Ассоциациянинг Айовадаги вакиллари Типтонни лотерея чиптаси орқали 14 миллион долларни олиб кетишга уринганидан сўнг фирибгарликда гумон қилишни бошлади.

Хабар қилинишича, Типтон ўз айбини тан олган. У қамоқ жазосидан ташқари, тўрт штатга фирибгарлик амалиётлари давомида олинган пулларни қайтариб бериши лозим.