АҚШ мудофаа вазири Жеймс Мэттис чоршанба куни Украинага ташрифини бошламоқда, унинг давомида у Вашингтон Киев билан стратегик шериклик тарафдори эканини яна бир бора алоҳида таъкидлаб ўтмоқчи.

Асосий иш дастури 24 август куни бошланади ва Украина мустақиллиги кунига бағишланади. Пентагон раҳбари ташриф давомида президент Пётр Порошенко ҳамда мудофаа вазири Степан Полторак билан музокаралар ўтказади. Шунингдек, у байрам шарафига уюштириладиган парадда ҳам қатнашади.

Стратегик шериклик

Мэттис кеча хорижий турнеда ўзига ҳамроҳлик қилаётган журналистлар билан мулоқот қилар экан, ташриф давомида Вашингтон Киевнинг демократик саъй-ҳаракатларини маъқуллашига алоҳида эътибор қаратиб ўтиш ниятида эканини айтди. Америкалик вазирнинг қайд этишича, "демократик ва суверен давлатни қуриш осон эмас".

"Мен биз стратегик шериклик тарафдори эканимиз ҳамда суверенитет ва ҳудудий яхлитликни қўллаб-қувватлашимизни таъкидлаб ўтмоқчиман", - деди америкалик вазир. Унинг тасдиқлашича, АҚШ Украина қуролли кучларини тайёрлаш ва жиҳозлашда ёрдам беришни давом эттиради.

Мэттис Украинадаги муаммони ҳал қилишда дипломатик услубларга эътибор қаратилишини эслатиб ўтди ҳамда ўзи билан Киевга АҚШнинг Украина бўйича махсус вакили Курт Волкер келишини маълум қилди.

"Мен АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсоннинг у ерда бизнинг НАТО бўйича иттифоқчиларимиз ва Украина билан Россияга босим ўтказиш борасидаги ҳамкорлигимиз бўйича саъй-ҳаракатларини ҳам қўллаб-қувватлайман. Бу Россия Минск келишувлари доирасида ўз мажбуриятларини бажариши учун керак", - дея таъкидлаб ўтди у. Унинг сўзларига кўра, бу “ўт очишни дарҳол тўхтатиш, оғир қурол-яроғларни олиб чиқиб кетиш ва ЕХҲТ кузатувчиларининг киритилишини” назарда тутади.

Пентагон матбуот хизматидан билдиришларича, ташрифнинг мақсади “АҚШ Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тиклаш, шунингдек, икки давлат ўртасидаги мудофаа бўйича стратегик шерикликни мустаҳкамлаш тарафдори эканини тасдиқлаш”.

Биринчи учрашув эмас

Мэттис Америка ҳарбий маҳкамасига 2006-2011 йилларда раҳбарлик қилган Роберт Гейтсдан сўнг Украинага ташриф буюраётган АҚШнинг илк мудофаа вазири бўлади. Бироқ у Порошенко билан таниш. Хусусан, ҳар икки сиёсатчи Украина президенти Вашингтонга ташриф билан келганида Пентагонда учрашган.

Ўшанда ҳам америкалик вазир “жаҳон тартибини қўллаб-қувватлаб турувчи” принципларга риоя этиш, ҳамда шерикликни давом эттириш ниятида ҳақида гапирганди. Порошенко эса ўзаро манфаатлар ва икки давлат ўртасида тажриба алмашиш муҳимлигини таъкидлаб ўтган.

Қурол етказиб бериладими?

Ушбу ташриф Америкада Киевга қурол-яроғ етказиб бериш борасидаги мунозаралар ошиб бораётгани фонида амалга ошади. Хусусан, сенатор Жон Маккейн қурол етказиб беришнинг фаол тарафдорларидан бири. У президент Дональд Трампни ўзига қонун билан тақдим этилган ваколатлардан фойдаланиш ва “Украинага мудофаа кўринишидаги кучли қурол-яроғларни ўз ҳудудини Россия ва айирмачилар томонидан бўладиган эҳтимолий қонунбузарликлардан ҳимоя қилиш мақсадида етказиб беришни” бошлашга чақирганди.

Мэттис Киевга қандай сигнал билан келади

Америкалик истеъфодаги полковник Эрл Расмуссеннинг фикрича, Мэттиснинг ташрифи муҳим аҳамият касб этади. "Афтидан, у умумий вазиятни, Украина ҳарбийлари эҳтиёжлари, АҚШнинг қурол-яроғ етказиб беришга нисбатан бўлган позицияси ва Украина ҳарбий стратегиясини муҳокама қилади", - деган эксперт РИА Новости’га берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, “Мэттис у ерга бориб, вазиятни жойида кўриши яхши бўларди”. "Энг қизиғи, у Киевга шарқда фуқаролик урушини тўхтатиш ва келажакда АҚШ ҳамда НАТО томонидан қўллаб-қувватлов масаласида қандай сигнални олиб келишидадир", - дея қўшимча қилиб ўтди у.