Электр энергиясидан мавжуд қарздорликни ундириш бўйича Мажбурий ижро бюросининг Самарқанд шаҳар бўлими томонидан Самарқанд шаҳар «Зиёкор» маҳалласида ўтказилган рейдда «Янги ҳаёт» кўчаси 1-уйда жойлашган фуқаро Гулистон Ғаффоровага тегишли «Самарқанд Гулистон Барака» маъсулияти чекланган жамиятига қарашли қолипли нон маҳсулотлари тайёрлаш цехида электр энергиясидан масофадан туриб бошқариш пульти орқали ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди. 

Мазкур цехда 1 дона газ тортиш насоси, 2 дона электр газ печи, 1 дона электропечь, 1 дона хамир қоргич, 1 дона «Аристон» сув иситгичи, 1 дона совутгич ва 5 дона лампочка уланиб, умумий қуввати 26,4 кВт.соатлик жиҳозлар электр ҳисоблагич орқали ўтиши лозим бўлса-да, электр энергиядан ноқонуний фойдаланиб келган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йилдаги «Электр ва иссиқлик энергиясидан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган «Электр энергиясидан фойдаланиш» қоидаларига зид равишда цехда яширин тарзда электр ҳисоблагичга масофадан туриб ўчириб-ёқиш ускунаси ўрнатганлиги маълум бўлди. Ҳолат юзасидан «Меркурий» русумли электрон электр ҳисоблагич ва электр ҳисоблагични масофадан туриб ўчириб-ёқувчи бошқарув пульти ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. 

Ушбу ҳолат бўйича тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, фуқаро Гулистон Ғаффоровага тегишли «Самарқанд Гулистон Барака» масъулияти чекланган жамиятига қарашли қолипли нон маҳсулотлари тайёрлаш цехи электр энергияси тармоғидан тўлиқ узилди. Тадбиркорнинг электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги юзасидан давлат манфаатларига дастлабки ҳисоб-китобларга кўра етказилган зарар суммаси 68 млн. 34 минг 384 сўмни ташкил қилмоқда. 

Фарҳод Норбўтаев,
журналист.