KUN.UZ сайтида бир қанча вақт муқаддам, аниқроғи 2017 йилнинг 7 август куни айни пайтда Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб турган Хуснида Гиязова исмли аёлнинг набираси - 9 ёшли Жаҳонгир ҳақида “Ўз амакиси томонидан милтиқдан ўққа тутилган бола ёрдамга муҳтож” сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Мақолада бир оиланинг бошига тушган мудҳиш воқеа ва ўша воқеа сабаб бир умрга ногирон бўлиб қолган бола ҳақида сўз юритилган.

Аввалги мақолада айтилганидек, амакиси бешикда ётган бир ёшли жиянининг қорнига, умуртқа поғонаси, қўли, қулоғига ўқ узган. Жаҳонгирнинг ҳаёти бир неча маротаба ўтказилган жарроҳлик амалиётидан сўнг сақлаб қолинган, бироқ у 1-гуруҳ ногирони бўлиб қолган. Бола 1 ёшлигида 9 та жарроҳлик амалиётидан ўтказилган. Жаҳонгир на юради, на гапиради ва на бир жойда ётади. Унинг айни дамдаги ташхиси – ўқотар қуролдан яралангандан сўнг болалар церебрал фалажи (ДЦП). 

Таҳририят Хуснида Гиязова билан орадан қарийб 20 кун ўтиб боғланди. Унинг сўзларига кўра, жорий йилнинг 11 сентябрь куни болани шифохонага ётқизиш лозим экан. 

“Душанба куни набирамни шифохонага олиб боргандим. Консилиум ўтказилди ва унда Жаҳонгирни 11 сентябрь куни уч ойга шифохонага ётқизиш ҳақида қарор қабул қилинди. Бу жараёнда даволаш ишлари 700 минг рублга тушар экан. Мен Тошкентда уч ой давомида бўлганимда вақти ўтиб кетибди. Хайрия жамғармасига мурожаат қилдим, улар тўлайди. Бироқ, таҳлилларни ҳали охиригача қилишга улгурмаяпмиз, сабаби маблағ йўқ. Тошкентга эканлигимда “Бу ерга келинг, ёрдам берамиз” деган одамлар ҳам ҳозир қўнғироқ қилсам гўшакни кўтармаяпти. Памперслар, дорилар керак. Битта дорисининг ўзи 350 рубль туради. Ҳаттоки шунга ҳам пулим қолмади”, - дейди аёл.

KUN.UZ таҳририяти яна бир бора ўқувчиларга, айниқса, Россияда ишловчи ва яшовчи ўзбекистонликларга мурожаат билан чиқмоқчи. Азиз юртдошлар, хорижда юрган бир ватандошимизнинг мушкул аҳволини яхшилаш учун қўлингиздан келганча ёрдам кўрсатинг. Эндигина ҳаётга келган пайтида ўз амакиси сабаб бир умрга ногирон бўлиб қолган болани оёққа турғазишга кўмак беринг.

Ўзбекистондаги саховатпеша юртдошларимиз учун:

Халқ Банки - ҳисоб рақами:
8600-0602-9494-9889

Миллий Банк - ҳисоб рақами:
8600 0204-3349-3215 

Россиядаги саховатпеша юртдошларимиз учун:

СберБанк - ҳисоб рақами: 4276550060080630

Хуснида Гиязова билан боғланиш учун рақам: +79219292445