Ўзбекистон ҳукумати 2017 йилги мавсумда балоғат ёшига етмаган ёшларни, шунингдек, Соғлиқни сақлаш соҳаси ва таълим соҳаси ходимларини пахта теримига жалб этишни тақиқлади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги расмий сайтида ёзилишича, 15 август куни вазирнинг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов АҚШнинг халқаро муносабатлари бўйича Сенат қўмитаси делегацияси билан учрашув вақтида Вазирлар Маҳкамаси 8 август куни шу ҳақда қарор қабул қилгани ҳақида маълум қилган.

Эркин Муҳиддинов умуммиллий ахборот кампанияси туфайли жамоатчилик эндиликда меҳнат муносабатларининг тақиқланган амалиётларидан яхши бохабар эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Учрашувда болалар меҳнатига йўл қўймаслик, Ўзбекистонда одам савдоси профилактикаси бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда меҳнат миграцияси соҳасидаги қайта ўзгаришлар билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистонда пахта терими мавсуми сентябрь-октябрь ойларига тўғри келади. Қайд этиш керакки, олдинги йилларда ўқувчилар, ўқитувчилар ва шифокорлар пахта теримига жалб этиб келинган.

Бироз аввалроқ янги пахта мавсумида иш ҳақлари кўтарилиши ва вақтида берилиши ҳақида хабар берилганди.