Ўзбекистонда «Инновация маркази» махсус илмий-ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш режалаштирилмоқда. У мамлакат ҳудудида ўзиучар қурилмалар эксплуатацияси билан шуғулланади. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг «Иқтисодиёт соҳаларида ўзиучар қурилмалардан фойдаланишни ривожлантириш чоралари тўғрисида»ги қарори лойиҳасида шу ҳақда сўз боради.

Ҳужжатга мувофиқ, «Инновация маркази» корхонаси иқтисодиётда ўзиучар учиш қурилмаларидан фойдаланади ва илмий-тадқиқот ҳамда тажриба-конструкторлик ишларини ўтказади. 

Янги корхона бундай қурилмаларнинг иқтисодиёт соҳаларида қўлланилиши ва фойдаланилиши борасида услубий тавсиялар ишлаб чиқади. Шунингдек, самарали ва тизимли фойдаланилишини ташкил этади. 

Тузилма, ўзиучар қурилмаларнинг фойдаланилишидан олинган маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш, қайта ишлаш ва сақлаш билан шуғулланади. 

Қарор лойиҳасига кўра, мазкур ҳужжат кучга кирганидан сўнг, Ўзбекистон Республикасига олиб кирилган ҳар қандай ўзиучар қурилмадан фойдаланиш, унинг мулкчилик шаклидан қатъиназар ўчиучар қурилма оператори-Корхона ходимининг бевосита бошқарувида амалга оширилади. 

Ўзиучар қурилмаларни харид қилиш (давлат авиацияси эҳтиёжлари учун сотиб олинадиганларидан ташқари) корхона билан келишилган ҳолда манфаатдор ташкилотлар буюртмаси ҳисобига амалга оширилади. 

«Инновация маркази» корхонаси буюртмачилар билан тўғридан-тўғри ўзиучар қурилмаларни қўллаш борасидаги келишувлар асосида хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эга. 

«Инновация маркази» корхонаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри Давлат қўмитаси тузилмасига киради.