Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани халқ таълими бўлими мудири Нафиса Нишонова ишдан кетгани ҳақида хабарлар асоссизлигини маълум қилди.

«Сўнгги пайтларда айрим интернет нашрларда тасдиқланмаган маълумотлар нашр этилмоқда. Жумладан, Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани мудираси Нафиса Нишонованинг вазифасидан озод этилгани ҳақидаги хабар ҳам ҳақиқатдан йироқ бўлган ахборотдир. 

Маълумки, туман (шаҳар) халқ таълими мудирлари Халқ таълими вазири номенклатурасига кирувчи лавозим ҳисобланди, уларни ишга қабул қилиш ва ишдан озод этиш бевосита Халқ таълими вазирининг буйруғи билан амалга оширилади», дейилган Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раддиясида.

Вазирлик соҳага оид муҳим воқеалар ва сўнги янгиликларини вазирликнинг расмий веб-сайти орқали кузатиб бориш мумкинлигини қўшимча қилган.

Бугун Kun.uz сайти Фарғонада ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилган халқ таълими мудираси ишдан олингани ҳақида хабар берганди. Шунингдек, Sof.uz ўқитувчиларни вазифасига кирмаган бошқа ишга мажбурлаган мудира Нишонова ишдан олингани, унинг ўрнига собиқ мудира М. Ботирова тайинлангани ҳақида хабар берди. Бу хабарлар тасдиқланмади.

Эслатиб ўтамиз, Нафиса Нишонованинг 19 июль куни мактаб директорлари иштирокидаги йиғилишда ёзиб олинган сўзлари интернетда шов-шув келтириб чиқарганди. Аудиоёзувда мактаб ўқитувчилари ва мактабгача таълим муассасалари ходимлари мажбурий меҳнатга қай тариқа мажбурланаётгани акс этганди.

Kun.uz сайтида тегишли идоралар эътиборини бу вазиятга тортиш мақсадида «Ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб этилиши факт. Барча сукут сақламоқда» сарлавҳаси остида мақола нашр этилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши Бош прокурордан Самарқанд шаҳри ҳокими ва фарғоналик мудирага жиддий чора кўришни талаб қилганди.