АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари АҚШнинг стратегик қурол-аслаҳаси учун янги ядровий қанотли ракета яратиш бўйича Lockheed Martin ва Raytheon мудофаа корпорацияларининг ҳар бири билан 900 млн долларлик шартномалар тузди. Бу ҳақда Пентагон хабарига иқтибос келтирган ҳолда ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Иккала компанияда янги ракетанинг прототипини яратиш учун 4,5 йил вақт бўлади. Яратиладиган ракеталар қиёсий таҳлил қилингандан кейин, ё Lockheed Martin, ё Raytheon билан янги ракетани ишлаб чиқариш бўйича алоҳида шартнома тузилади. Бу ракеталар эҳтимолий рақиб ҳаво ҳужумига қарши воситалари нишонга ура олмайдиган ҳудудлар учун мўлжалланган.

АҚШ ҲҲК ҳаммаси бўлиб бундай ракетадан минг донача сотиб олмоқчи. Дастур қиймати 10 млрд долларни ташкил қилади. Ядровий каллак билан ҳамма ракеталар ҳам жиҳозланмайди, улардан бир қисми синовлар ўтказишда қўлланилади ҳамда захирада сақланади.