Психолог Курт Грей фаолияти давомида 1982-2013 йиллар оралиғида суд қарорига кўра, ўлим жазосига маҳкум этилган 500 нафар маҳбуснинг АҚШ Адлия вазирлигининг расмий сайтида чоп этилган жазо ижроси олдидан сўзлаган нутқларини ўрганиб чиқди.

Кўзга яққол ташланган жиҳати шундаки, маҳбуслар ўлим олдида ўзини яхши ҳис қила бошлаган, кайфияти чоғ бўлган ва ижобий сўзлар билан фикрини баён этган. Олимни бир савол ўйлантириб қолади: ижобий кайфият пайдо бўлиб қолиши тасодифий эдими ё бу ўзига хос психологик унсурми?

Тадқиқотчи олим Шимолий Каролина университети, Чапел-Ҳилл марказида ўтказган вақти давомида бедаво касалликка учраган беморлар билан суҳбатда бўлган. Қизиғи шундаки, маҳбуслар ва беморларнинг ўзини тутиши ҳамда нутқидаги сўзлар деярли ўхшашиб кетарди.

Курт Грей ва унинг жамоаси амиотрофик ламеллар склерози ҳамда ўсимта касалликларидан азият чекаётган кишиларнинг ижтимоий тармоқларда қолдираётган блогпостларини кузатиб борди. Олдиндан маълум бўлганидек, ўлим вақтини кутиб яшаётган инсон ҳаёт ташвишлари билан юрган одамларга нисбатан кўтаринки кайфиятда бўлади. Улардан бирида шундай дейилган:

«Балки шу ҳафталарда мен умримнинг охирги сонияларини яшаб ўтаяпман. Аммо бу ёруғ оламда меҳрибон ва мўътабар инсонлар билан елкадош яшадим, авваллари сезмаганим, табиат берган неъматларни кўра билдим. Айни ҳолатимга эътибор қилмаган ҳолда, қарасангиз, мен умримнинг энг яхши дамларини яшаб ўтяпман».

Беморларнинг аксари ўлим вақтига яқинлашган сари «севги», «меҳрибончилик», «бахт» каби сўзларни кўп такрорлаган. Буларнинг барчаси 2007 йил Ҳарвард психологи Ден Гилберт томонидан нашр этилган «Бахтга қоқилиб тушиш» (Stumbling on Happiness) китобида тушунтириб берилган «психоиммун тизим» фаолиятини амалда исботлаб беради. Бу тизим шундай ишлайдики, ночор ва тушкун ҳолда қолган жисм психо-онг таъсирида ҳаётнинг энг ёрқин тарафини кўришга мажбур қилади. Бирор фалокат оқибатида жабр кўрган киши, муаммолар исканжасида қолган ҳолда саросимага тушиб қолмаслиги учун психоиммун ўз фаолиятини жадаллаштиради. Натижада буларнинг барчасига тан бериб, хатоларимиз устида ишлаймиз, қоронғиликдан ёруғликни қидирамиз.

Агар бу хавф ўлим ва ундан қутулишнинг иложи бўлмаса, киши ижобий фикрлашга ҳамда ҳаётда рационал ўйлашга ўрганади. Айнан шу изоҳ маҳбуслар, беморларнинг умрининг сўнгги дамларида ўзгача ижобий кайфият билан ойна ортидан ташқарига қараганини тушунтириб беради. Бу назарияни тасдиқлаш учун Грей онлайн сўровнома орқали бир саволни ўртага ташлайди: ўлимингиз олдидан нима деган бўлардингиз? Респондентлар маҳбусларнинг нутқи фарқли равишда агрессияга ҳам берилган. Лекин, жуда кўп ўлимга маҳкум этилганлар сўнгги сўз ўрнида оиласи ва яқинларига миннатдорчилик билдирган, айби учун Яратган олдида ибодат қилган.

Албатта, улар қаторида шунчаки «тайёрман», «айбдор эмасман» дегувчилар, маҳкама ходимларини ҳақоратлаганлар ҳам учраб турган. Бу ҳолатга Грей яна бир инсоний хислат билан изоҳ беради, яъни ўлими олдидан кишининг беўхшов қилиқлари фақат унинг эгоизмидан келиб чиқади. Аниқроқ айтсак, тез орада оғриқни ҳис қилиши ва бу бошқаларга тегишли эмаслиги уни қўрқувга солиб қўяди.

Тадқиқотнинг сўнгги қисмида қатнашган 42 нафар 95 ва унда юқори ёшдаги қариялар ҳаётдан кўз юмиш қўрқинчли эмаслигини таъкидлаган. Уларнинг фикрича, яшаб ўтилган давр гўёки бир кундек ўтиб кетган, тун эса яқинлашиб қолгандек бўлаверади.