Қатар ҳукумати Эронга ўз элчисини қайтараётганини эълон қилди. У ўтган йил январь ойида Саудия Арабистонининг Теҳрон ва Машҳаддаги дипломатик ваколатхоналарига ҳужум уюштирилганига норозилик сифатида чақириб олинган эди. Бу ҳақда РИА Новости хабар қилмоқда. 

"Бугун Қатар давлати, унинг элчиси ўз дипломатик мажбуриятларини адо этиши учун Теҳронга қайтиши ҳақида эълон қилди", — дейилади амирлик ТИВ баёнотида. Ҳужжатда таъкидланишича, Қатар ҳукумати Эрон билан барча соҳаларда "икки томонлама муносабатлар мустаҳкамланишига умид билдиради".

Қатар ўтган йил январь ойида Эрондаги элчисини чақириб олганди. Бунга Саудия Арабистонида 47 нафар шиа етакчилари, хусусан, Нимра ан-Нимранинг қатл этилишига норозилик сифатида подшоҳликнинг Эрондаги дипломатик ваколатхоналарига ҳужум уюштирилгани сабаб бўлганди. Теҳрон олий жазо ижросини кескин танқид қилган, намойишчилар Теҳрондаги Саудия элчихонаси, Машҳаддаги консуллик биноларига ҳужум қилишган. 

Шу воқеа сабаб, Саудия Арабистони ТИВ раҳбари Одил ал-Жубайр Эрон билан дипломатик муносабатлар узилганини эълон қилди. Ар-Риёд қароридан сўнг, Баҳрайн, Судан ва Жибути ҳам шундай йўл тутишган. БАА дипломатик муносабатлар даражасини туширди, Кувайт ҳам элчисини чақириб олди.