Вазирлар Маҳкамасининг 17.08.2017 йилдаги 642-сон қарори билан Илгари ишлатилган машиналар, асбоб-ускуналар ва механизмларни экспорт қилишга рухсат бериш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди, деб хабар бермоқда Norma.uz.
 
Илгари ишлатилган, тайёрланган вақтидан буён камида 5 йил ўтган тасдиқланган рўйхат бўйича машиналар, асбоб-ускуналар ва механизмларни экспорт қилишга рухсат берилади. Бунинг учун қуйидаги шартларга риоя қилиниши керак:
 
•  экспорт қилинаётган товарларга ички бозорда эҳтиёжнинг мавжуд эмаслиги;
•  товарни экспорт қилиш қийматининг баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда келтирилганига мувофиқлиги. Бунда товарнинг экспорт қиймати баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботга мувофиқ халқаро бозорда экспорт қилинаётган товар таркибида мавжуд бўлган металл парчалари учун белгиланган қийматдан паст бўлмаслиги керак.
 
Рухсатнома олиш учун қуйидаги ҳужжатлар тўпламини тайёрлаш зарур:

•  тасдиқланган шакл бўйича ариза;
•  экспорт қилинаётган товарни баҳолаш тўғрисида ҳисобот;
•  ТИФ ТНга мувофиқ таснифлаш бўйича экспорт хулосаси;
•  экспорт қилинаётган товарнинг тайёрланган санасини тасдиқловчи ҳужжат.
 
Ҳужжатлар Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи иқтисодий фаолиятни, иқтисодиёт тармоқлари ва республика ҳудудларининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаментига топширилади. Уларни кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмайди.
 
Ариза берувчи барча талабларга мувофиқ келган тақдирда Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши кўринишида рухсатнома расмийлаштирилади. Қуйидаги ҳолларда рухсатнома беришни рад этишлари мумкин:
 
•  зарур ҳужжатларнинг тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилиши;
•  ариза берувчининг рухсатнома бериш талаблари ва шартларига номувофиқлиги;
•  тақдим этилган ҳужжатларда ишончли бўлмаган ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги.
 
Таърифланган тартиб илгари ишлатилган қуйидаги машиналар, асбоб-ускуналар ва механизмларга татбиқ этилмайди:

•  тайёрланган кунидан бошлаб 5 йил ёки ундан кўп вақт ўтган;
•  илгари хорижий юридик шахслар томонидан бепул келтирилган, «эркин муомалада бўлиши (импорт) учун ишлаб чиқарилган» божхона режимида расмийлаштирилган.