«ПСЖ» «Монако» ҳужумчиси Килиан Мбаппе трансферининг сўнгги жиҳатлари ҳақида келишиб олди ва яқин орада шартнома ҳақида расман маълум қилиши керак, дея хабар бермоқда Le Parisien.

Нашр маълумотига кўра, монегасклар парижликларнинг сўнгги таклифини қабул қилган ва Килиан учун 150 млн евро ҳамда бир ўйинчини олади. Неймар учун яқинда 222 млн евро тўлаган қизил-кўклар молиявий фэйр-плей қоидаларини бузмаслик учун қатор футболчиларни қўйиб юбориши лозим бўлади. Клубни Серж Орье, Ҳотам Бин-Арфа, Гжегож Криховяк, Гонсалу Гуэдеш, Лукас Моура, Юлиан Дракслер ва Анхель Ди Мария тарк этиши мумкин.

Мбаппенинг монегаскликлар клуби билан амалдаги шартномаси муддати 2019 йилгача. У 2015 йилдан буён шу жамоа сафида тўп суради. Унинг ўтган мавсумдаги ёрқин ўйинларидан кейин «Арсенал», «Реал», «Барселона», «Ювентус» ва «Манчестер Сити» каби жамоалар эътиборига тушган, аммо французлар клуби барча таклифларни рад қилганди.

Аввалроқ Мбаппе «ПСЖ» билан беш йиллик шартнома ҳақида келишиб олгани хабар берилганди.