Мексиканинг Motores Limpios компанияси бир неча ойдан сўнг Zacua номли электромобилларини серияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйишини эълон қилди. Савдода нархи 25 минг доллардан бошланувчи икки модель пайдо бўлади. 

Автомобиль компанияси раҳбари Хорхе Мартинеснинг изоҳига кўра, электромобиллар ишлаб чиқариш зарурати глобал иқлим ўзгариши ва бошқа экологик муаммолар билан боғлиқ. Бу каби машиналар мамлакатнинг атроф-муҳит ифлосланишига қарши курашида илк қадам бўлиши мумкин. 

Zacua электромобиллари хорижий компаниялар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Франциянинг Automobiles Chatenet фирмаси машина дизайнини яратган бўлса, Испаниянинг Dynamik Technological компанияси муҳандислари унинг моторини ишлаб чиқишда кўмак беришган. 

Дастлаб савдога икки ўриндиқли автомобиль чиқарилади. Унинг узунлиги 3 метрни, эни 1,5 метрни ташкил этади. Электрокар баландлиги 1,4 метр бўлгани ҳолда вазни 380 кгни ташкил этади. У 115 кмгача юра олади. Энг юқори тезлиги соатига 100 километр.