Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 23 август куни “Кимё саноати ривожланишининг 2017-2021 йилларга мўлжалланган Дастури тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни давлат раҳбари расмий сайтида келтирилган.

Ҳужжат билан «Ўзкимёсаноат» АЖ томонидан Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилган кимё саноати ривожланишининг 2017-2021 йилларга мўлжалланган Дастури тасдиқланди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефт-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси раҳбари Ғ.Ибрагимов, «Ўзкимёсаноат» АЖ ва унинг тузилмасига кирувчи ташкилотлар, Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция бўйича давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар ҳамда идоралар раҳбарларига дастурда белгиланган вазифаларнинг бажарилиши бўйича шахсий масъулият юкланди.

Кимё саноатидаги етакчи корхоналар харажатлари тузилмасининг таҳлил қилиниши асосида, маҳсулот ишлаб чиқариш харажатларини 2018 йилда «Навоийазот» АЖда 7,3 фоиз, «Фарғонаазот» АЖда – 11,1 фоиз ва «Аммофос-Максам» АЖда – 5,2 фоизга камайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар комплекси ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Ғ.Ибрагимов, «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқарув раиси А.Абдуллаев ва юқорида номлари қайд этилган акциядорлик жамиятлари раҳбарларига бу чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича шахсий масъулият юкланди.

Бундан ташқари, кимё саноати ривожланишининг 2017-2021 йилларга мўлжалланган Дастурини амалга ошириш бўйича Ишчи гуруҳи ташкил этилди. 

Ўзбекистон Республикасининг Инвестициялар бўйича Давлат қўмитаси ва «Ўзкимёсаноат»га хорижий банклар ҳамда халқаро молия институтларидан кредитларни жалб этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси топширилди. 

Молия вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва «Ўзкимёсаноат» АЖ ташкилотларига 2017 йил 1 сентябрдан бошлаб кимёвий маҳсулотлар учун эълон қилинган нархни шакллантиришда ишлаб чиқариш харажатларининг 10,0 фоизигача бўлган рентабелликни яратишни назарда тутиш вазифаси топширилди.

2022 йил 1 январига қадар «Ўзкимёсаноат» АЖ таркибига кирадиган ташкилотлар, истисно тариқасида, республикада тегишли аккредитацияланган синов лабораториялари мавжуд бўлмаган тақдирда, импорт қилинувчи асбоб-ускуналар, хом-ашё ва материалларни мажбурий сертификатлаш жараёнидан озод этилди. 

Ҳужжат билан Тошкент вилояти ҳокимлигининг “Тошкент кимё технологиялари илмий-тадқиқот институти” ДУК масъулияти чекланган жамиятга айлантирилди.