Нидерландия соғлиқни сақлаш вазири Эдит Схипперс Нидерландиядаги парранда фабрикаларида яна бир тақиқланган инсектицид излари аниқланганини маълум қилди.  Euractiv нашри Нидерландия парламентига юборган хатида маълум қилишича, вазир 2016 ва 2017 йилларда ChickenFriend компанияси билан боғлиқ бўлган 5 та корхонада текширув ўтказилаётганини айтган. 

Айнан ChickenFriend Европанинг 18 та давлати ва унинг ортидаги бошқа давлатларга етказилган тухумларга фипронил заҳарли моддаси тушишида айбдорликда гумон қилинмоқда. 

Нашрнинг эслатишича, фипронил ҳайвонларда бургаларни йўқ қилиш учун қўлланади, бироқ уни гўшти истеъмол қилиш учун мўлжалланган ҳайвонларда қўллаш тақиқланган.

Бу гал нидерландиялик терговчилар 5 та парранда фабрикасидан мусодара қилинган тухумларда амитраз инсектициди изларини аниқлашган. Бу восита “ўртамиёна заҳарли модда” ҳисобланади. У марказий асаб тизимининг шикастланишига олиб келиши мумкин ва организмга тушгандан кейин тез парчаланади. Бу воситани чўчқалар ва йирик шохли чорвага қўллашга рухсат берилган, бироқ паррандалар учун эмас.

Вазирнинг айтишича, ҳозирча бу инсектициднинг одам саломатлигига хавфи кўлами ноаниқлигича қолмоқда. Бунгача ушбу восита тухумларда аниқланмаганди.

Июль охирида Нидерландияда товуқ тухумларида фипронил воситаси аниқлангандан кейин 138 та парранда фабрикаси ёпиб қўйилганди.