ИШИД террорчилик гуруҳи биринчи марта испан тилида видеомурожаат эълон қилди, унда Испанияга янги ҳужумлар билан таҳдид қилинган. Бу ҳақда El Pais газетаси ёзмоқда.

«Андалусия яна халифаликнинг ери бўлади. <...> Жиҳод чегараларга эга эмас. Жиҳод сизлар қаерда бўлсангиз, ўша ерда. <...> Испаниялик христианлар Испания инквизицияси вақтида мусулмонларнинг қони тўкилганини ёддан чиқарманг», - дейди видеомурожаатда ўзини Абу Лайс Ал-Курдубий деб таништирган шахс.

Эслатиб ўтамиз, 17 август куни микроавтобус Барселона марказидаги Рамбла кўчасида пиёдаларнинг устига бостириб борди. Кейинчалик Камбрильсада номаълум шахслар микроавтобусда пиёдалар ҳудудига бостириб киришга уринишди. Ҳужумлар оқибатида 15 киши ҳалок бўлди, яна 130 инсон жабрланди.

Барселонадаги теракт учун масъулиятни ИШИД ўз зиммасига олди.