«ПСЖ» Анхель ди Марияни «Барселона»га сотишга рози бўлди. Бу ҳақда Sport нашри хабар тарқатди.

Манба маълумотига кўра, ушбу трансфер қиймати 50 млн еврони ташкил қилади. Каталонлар клуби аргентиналик футболчи билан шахсий шартнома борасида келишувга эришиб бўлган.

«Барселона» Неймар ўрнини аввалига «Ливерпуль» ярим ҳимоячиси Филиппе Коутиньо ва Дортмунднинг «Боруссия» ҳужумчиси Усмон Дембелени сотиб олиш билан тўлдирмоқчи бўлганди. Аммо бу трансферлар бўйича мураккабликлар келиб чиқди. Ди Мария аввалдан аргентиналик ватандоши Лионель Месси билан бирга тўп суриш истагини билдириб келади.

Айни вақтда 29 ёшда бўлган Ди Мария 2010 йилдан 2014 йилгача «Барселона»нинг ашаддий рақиби бўлмиш  «Реал» сафида тўп сурганди.

Ди Мария ўтган мавсумда «ПСЖ» сафида 43 ўйинда майдонга тушган ва 14 гол уриб, 15 голга узатма берган.

Бундан аввалроқ Le Parisien нашри Париж клуби Каталония клубининг Ди Мария бўйича таклифини рад қилгани ҳақида хабар берилганди.