Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 27-30 август кунлари Бирлашган Араб Амирликлари, Кувайт ва Қатарга боради. Бу ҳақда Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова Москвадаги брифингда маълум қилган.

Вазир ушбу давлатлар раҳбарлари ва биринчи шахслари билан учрашиши режалаштирилган, деди Захарова.

Унинг сўзларига кўра, ташриф давомида Форс кўрфазидаги инқирозга ечим топиш масаласига катта эътибор қаратилади.

ТИВ вакилининг эслатишича, Россия Қатар билан боғлиқ можарода барчага бирдек маъқул бўладиган ечим топиш тарафдори.

Шунингдек, Россия дипломатияси раҳбари БАА, Кувайт ҳамда Қатар раҳбарлари ва биринчи шахслари билан Сурия муаммосини ҳам муҳокама этиш ниятида, деди Захарова.

Аввалроқ Қатар Россия қуролларини синовдан ўтказаётгани хабар берилганди.