Россияда КХДРнинг биринчи расмий сайёҳлик агентлиги "NKorean" иш бошлади. Агентлик Шимолий Корея ҳукумати томонидан лицензияланган. Бу ҳақида Турагентликлар иттифоқи президенти Сергей Головнинг сўзларига асосланиб, "Ведомости" нашри хабар берди.

Агентлик сайёҳларга КХДРда хавфсизликни таъминлашга ваъда бермоқда. "NKorean" сайтида маълум қилинишича, мамлакатда нақд пулсиз тўлов тизими ишламайди. Сайёҳлик оператори "кучук шўрва" ёки "женшень билан тўлдирилган товуқ"ни татиб кўриш учун нақд пул олишни тавсия қилади.

"Қайтим олишда муаммолар юзага келмаслиги учун сизларга пулларингизни майда купюраларда олишни тавсия этамиз. КХДР фуқаролари ҳақиқатпарварлиги билан ажралиб туришади (бу сизга Миср ёки Туркия эмас), агар сизга қайтим бериш керак бўлса, сизни топиб уни қўлингизга тутқазишади".

"NKorean" расмий сайти

Классик турлар баҳоси (5 кунга) 58 902 рублдан бошланиб, (15 кунга) 118 090 рублга етади. Энг арзон турлар диққатга сазовор жойларни зиёрат қилиш ва "чучхей социализми ғоялари билан танишув"ни ўз ичига олади. Энг қиммат турлар эса "мамлакат маданиятини тўлиқ қамраб олиш"га ваъда беради.

"NKorean" махсус турлар доирасида Шимолий Кореяда тоғ-чанғи ва соҳил, пиво фестивали ва миллий байрамлар каби дам олиш турларини таклиф қилади.

24 август куни КХДРнинг Россия фуқароларига виза бериш жараёнини соддалаштириш режалари ҳақида маълум қилинди. Кутиш муддати 2-3 ҳафтадан 3-5 кунга қисқаради.