Саудия Арабистони ва Хитой биргаликда 20 млрд доллар маблағга эга бўладиган инвестиция фондини тузишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда подшоҳлик энергетика вазири Холид ал-Фалих маълум қилди, деб ёзмоқда Рейтер агентлиги. 

У икки мамлакат катта лавозимли мулозимлари ва тадбиркорларининг иқтисодий анжумани доирасида шу ҳақда сўз юритган. Харажатлар ва фойда мамлакатлар ўртасида тенг тақсимланади, деб қўшимча қилган вазир. 

Фондга қўшимча равишда 20 млрд доллар қийматидаги яна 11 та келишув имзоланади. Ал-Фалих бу борада батафсил маълумот бермаган. 

Шу йил март ойида Хитой ва Саудия подшоҳлиги 65 млрд долларлик 14 та келишувни имзолаган эди. Улар 35 та йирик лойиҳаларни қамраб олганди. ХХР ташқи ишлар вазири Чжан Миннинг қайд этишича, келишувлар инвестициялар, илмий-техник соҳаларни, инфратузилма, энергетика, фазо ва бошқа йўналишларни қамраб олди.