400 метрлик масофага тезликка баҳсда Tesla Model X электрокари Lamborghini Aventador SV пойга машинасини ортда қолдирди ва серияли тарзда ишлаб чиқарилувчи кроссоверлар ичида тезюрарлик бўйича жаҳон рекордини ўрнатди. “Оммавий Механика” нашрининг маълум қилишича, Tesla кроссоверининг илғор P100D модификацияси пойга машинасини 0,05 сонияга ортда қолдирган.  

Model X’нинг вазни 2,5 тоннани, двигатели қуввати эса 580 от кучини, Lamborghini Aventador SV’нинг вазни 1,9 тоннани, двигатели қуввати эса 750 от кучини ташкил қилади. Бундан ташқари, Tesla кроссовери Lamborghini Aventador SV’дан анча арзон туради: уларнинг нархлари мос равишда 165 минг ва 530 минг долларни ташкил қилади.   

Шу тариқа, Tesla Model X P100D сайёрамизнинг энг тезюрар кроссоверига айланди.

Lamgorghini Aventador SV машинаси ва Tesla Model S седанининг энг кучли модификацияси ўртасида ҳам пойга уюштирилди. Бу пойгада Lamgorghini Model S’ни 0,15 сониялик устунлик билан доғда қолдира олди.