Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Олмазор тумани, Фаробий кўчасида содир этилган одам савдоси жинояти бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мазкур жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бораётган тергов бошқармаси ўта муҳим ишлар бўйича катта терговчиси майор А.А.Камалов содир этилган жиноят бўйича маълумот берди.

«2017 йил 21 август куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига фуқаро Я.У.А. ариза билан мурожаат қилиб, у август ойининг бошларида Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани ҳудудида «Шаҳодат» исмли аёл билан танишиб қолганини, орадан бироз вақт ўтиб, ушбу аёл ўзининг «Зарина» исмли қизи борлигини, у ҳомиладорлигини, ушбу туғиладиган фарзандни 1.000 АҚШ доллари миқдоридаги пуллар эвазига сотиш ниятлари борлигини айтганини билдириб, мазкур шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур ариза асосида шу куни Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан жиноятчиларни қўлга олиш борасида тезкор тадбир режалаштирилиб, соат 14:00ларда, Олмазор тумани, Фаробий кўчасида жойлашган «Макро» супермаркети автотураргоҳида С.Ш.Ж. ва Ж.З.Ш., 2017 йилнинг 16 август куни туғилган, ҳеч ҳандай шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган қиз чақалоқни 1.000 АҚШ доллари эвазига У.А.Я.га сотган вақтларида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ш.Ж.С. ва З.Ш.Ж.га нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида мазкур жиноятни содир этганликда Ш.Ж.С. ва З.Ш.Ж.нинг айби тўлиқ исботланиб, уларга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” банди (одам савдоси, яъни бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, ўн саккиз ёшга тўлмагани айбдорга аён бўлган шахсни олиш-сотиш) билан айблов эълон қилинди ва жиноятнинг оғирлилик даражасини инобатга олган ҳолда айбланувчиларга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси танланмоқда», дейилган хабарда. 

Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, Ш.Ж.С. ва З.Ш.Ж.нинг бошқа жиноятларга алоқадорликлари текширилмоқда.