Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (ТИҚХММИ) ва Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (CAREC) ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Меморандумни бир томондан ТИҚХММИ ректори профессор Ўктам Умурзақов, иккинчи томондан CAREC ижрочи директори Искандар Абдуллаев имзолади. 
 
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти матбуот хизмати «Kun.uz» нашрига хабар беришича, мазкур меморандум доирасида бутун Марказий Осиё минтақаси учун ягона «Мутахассислик ва илмий тадқиқот маркази» ташкил этилади.

«Бу бизнинг институтимиз учун муҳим воқеа бўлиб, ушбу меморандумни халқаро лойиҳаларни амалга оширишда катта тажрибага эга бўлган Марказий Осиё минтақавий экологик маркази билан имзолаётган мамлакатдаги биринчи олий таълим муассасаларидан бири бўлишдан мамнунмиз.

Экология ХХI асрда ҳар қандай мамлакатни ривожлантиришнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Умид қиламизки, Меморандум бизнинг мамлакатимизда амалга ошириш мумкин бўлган буюк ишнинг фақатгина бошланиши бўлади. Меморандум доирасида ҳамкорликнинг дастлабки босқичи ягона «Мутахассислик ва илмий тадқиқот маркази» ташкил этиш бўлади», – дея таъкидлаб ўтди ТИҚХММИ ректори Ўктам Умурзақов.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида Марказий Осиёнинг 5та давлати талабалари учун таълим жараёни олиб борилади.

Меморандумнинг асосий йўналишлари Марказий Осиёда ер ва сур ресурсларини ҳамда атроф-муҳитни бошқариш соҳасидаги лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш, талабалар, тадқиқотчилар, ёш олимлар салоҳиятини мустаҳкамлаш орқали барқарор натижаларга эришиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга қаратилган. Шунингдек, ресурсларни жалб қилиш, институционал ва техник имкониятларни ривожлантириш, замонавий нашрлар ва илмий тадқиқот ишланмаларини жорий этиш, халқаро нашрларда тадқиқотларни чоп этиш, шунингдек, халқаро лойиҳаларни бошқариш учун донорлик жамғармаларини жалб қилиш имкониятларига катта эътибор қаратилган.

Шу мақсадда Меморандум имзоланиши доирасида Ўрта Осиёда биринчи «Мутахассислик ва илмий тадқиқот маркази»ни ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди, бу эса жорий сув лойиҳаларини амалга оширишда ушбу йўналишдаги профессор-ўқитувчилар ва талабаларни жалб этиш имконини беради.

«Келгусида Марказни Ўзбекистондаги тажрибадан фойдаланиб, минтақавий даражага олиб чиқишни режалаштирмоқдамиз. Ушбу марказ давлатни ривожлантиришга йўналтирилган маблағлардан самарали фойдаланиш учун янги моделга айланиши мумкин. Ўзбекистонда сув ресурслари учун катта ҳажмдаги лойиҳалар портфели амалга оширилмоқда. Кўпинча бундай лойиҳалар бир гуруҳ мутахассислар томонидан амалга оширилади ва лойиҳалар тугаганидан сўнг, лойиҳаларни амалга ошириш давомида тўпланган қимматбаҳо билим ва тажрибанинг катта қатлами йўқолиб кетган. Халқаро лойиҳалар билим манбаи бўлиб, билим истеъмолчилари уларни нафақат истеъмол қилиш, балки барқарор ривожланишни таъминлаш учун уларни кўпайтириш ва тарқатишлари муҳим аҳамиятга эга. Шу боисдан ҳам биз Марказий Осиёдаги энг яхши ОТМлардан бири, аввало асбоб-ускуналар, иккинчидан, илмий ва педагогик салоҳият жиҳатидан тенги йўқ ҳисобланган Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти билан биргаликда ушбу янги платформани яратишга қарор қилдик. Бу келгусида сув ресурслари билан боғлиқ бўлган бошқа ОТМлар, халқаро ташкилотлар, вазирлик ва идораларни бирлаштиради. Шунингдек, университетлар нафақат билимларни тўғридан-тўғри қабул қиладилар, балки лойиҳаларни амалга оширишда ҳамда илмий тадқиқотларда ҳам фаол иштирок этадилар», – деди CAREC ижрочи директори Искандар Абдуллаев.

Шундай қилиб, мазкур Марказ ташаббускорларига кўра, профессор-ўқитувчи ва талабалар лойиҳаларда иштирок этиб, методология ва маълумотлар билан муваффақиятли ишлаш учун «билим генераторлари» бўлади. Марказнинг асосий мақсади - тасдиқланган кўникмаларнинг узлуксиз равишда узатилиши, лойиҳаларнинг натижалари ва ўқув жараёни ўртасида узлуксиз алоқа ўрнатишдан иборатдир. Марказ базасида профессор-ўқитувчи ва талабалар лойиҳаларни профессионал бошқаришни ўрганадилар. Буларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги «Олий таълим тизиминини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2909 сонли ва 2017 йил 24 майдаги «Қишлоқ ва сув хўжалиги тармоқлари учун муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўгърисида» ПҚ-3003 сонли қарорлари ҳамда 2017 йил 24 июлдаги «Ўзбекистон Республикасида лойиҳа бошқаруви тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5120 сонли Фармонида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонда бугунги кунда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва халқаро ташкилотлар, илмий ва таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга қаратилган халқаро лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўқув жараёнида, хусусан, ноу-хауни топшириш асосида мазкур муассасаларда педагог ва ёш олимларнинг малакасини ошириш, талабаларни ишлаб чиқариш жараёнига жалб қилиш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда.

Марказнинг очилиши атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунига бағишланган Марказий Осиё халқаро экологик форуми билан ҳамоҳанг бўлади. Мазкур Форумни 2018 йил июнь ойида Тошкент шаҳрида ўтказиш режалаштирилган.