Ўзбекистон Бош прокуратураси делегацияси Қозоғистон Бош прокуратураси таклифи билан Остонага амалий ташриф билан келди. Ўзбекистон вакиллари “Халқаро алоқаларга эга молиявий жиноятларни тергов қилиш” мавзусидаги халқаро семинар-тренингда иштирок этдилар. Семинар-тренинг Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти дастурларининг Остонадаги офиси ва АҚШнинг Қозоғистондаги элчихонаси кўмагида ўтказилди. Бу ҳақда uzdaily.uz хабар бермоқда

Семинар-тренингдан мақсад трансмиллий молиявий жиноятларни тергов қилиш ва ноқонуний активларни қайтариш соҳасида мутахассисларнинг малакасини ошириш, тажриба алмашиш, юқори малакали ва билимга эга ходимларни тайёрлашдан иборат бўлди.

5 кунлик тренингда шунингдек Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Покистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳам иштирок этдилар.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Бош прокуратураси Олий ўқув курслари ва Қозоғистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Ҳуқуқ-тартибот идоралари академияси ўртасида меморандум имзоланди.

Меморандумда таълим, илмий-тадқиқот ва инновация соҳаларида ҳамкорликни амалга ошириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси вакиллари Қозоғистон прокуратураси органлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари билан танишишди.