Ўзбекистонда “Банкротлик тўғрисида”ги қонун ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш режалаштирилмоқда.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Лойиҳанинг мақсади аввал тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш натижасида келиб чиққан солиқ қарзига эга якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсларга банкротликни қўллашни назарда тутувчи банкротлик тартибини такомиллаштиришдан иборат.

Ҳужжат 2018 йилдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркор мақомидан маҳрум бўлган жисмоний шахсларга нисбатан банкротлик жараёнини жорий этишни назарда тутади. 

Ҳужжатда қайд этилишича, якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган ёки давлат рўйхатидан ўтмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини юритган, кредиторларнинг даъвосини қондира олмайдиган жисмоний шахс, агарда тегишли талаблар унинг аввал тадбиркорлик фаолиятидан келиб чиқадиган бўлса, белгиланган тартибда банкрот, деб эълон қилиниши мумкин.

Қонун лойиҳасига киритилган изоҳда қайд этилишича, 1 июль ҳолатига хусусий тадбиркор сифатида ўз мақомидан маҳрум бўлган 158 минг фуқаронинг ва давлат рўйхатидан ўтмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини юритган фуқароларнинг солиқ қарзи 105,9 млрд сўмни ташкил этади. 

Амалда бундай солиқ қарзини йиғиш имкони йўқ, аммо уни  ўзгариши қийин, деб ҳисоблаб ҳам бўлмайди.

Хусусан, 76,7 минг фуқаро бўйича уч йилдан ортиқ вақт мобайнида шаклланган солиқ қарзи 40,3 млрд сўмни ташкил этади.