Мусаввир Умберто Романонинг 1937 йилги суратида қўлида iPhone'га жуда ўхшаш нарса ушлаб ўтирган ҳинду "аниқланди", дея хабар беради Motherboard.

Манбада таъкидланишича, италиялик мусаввир Умберто Романо «Жаноб Пинчон ва Спрингфилд қароргоҳи» сурати устидаги ишларини 1937 йилда якунлаган. Унда британиялик колонист Уильям Пинчон тасвирланган. 

Фото: David Sansbur/US Postal Service

Унинг ёнида эса анъанавий кийимдаги ҳинду iPhone смартфонига жуда ўхшаш нарсага тикилиб ўтирганини кўриш мумкин. 

Замонавий инсон унинг қўлидаги нарсани бошқа бирор буюм сифатида қабул қилиши қийин.

Ҳиндунинг ёнидаги қўллари боғлиқ киши ҳам унга қизиқиш билан боқмоқда. Романонинг картинасидаги қолган қаҳрамонлар эса ҳиндунинг қўлидаги буюмга эътиборсиз ҳолда акс эттирилган.

Motherboard муҳаррири Брайан Андерсон картина ҳақида тарихчи Дэниел Кроуннинг рассом ҳақидаги мақоласидан маълумот олганини айтган.

Тарихчининг сўзларига кўра, расмда смартфон эмас, оддий кўзгу бўлиши мумкин. Унинг тахминича, бу асл америкаликларнинг жамиятдаги юқори мавқеини билдиради.