2017 йил 6 ой сарҳисобига кўра, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласида келиб тушган мурожаатлар сони 4018 тани ташкил этади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси 24 август куни ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилди. 

Мурожаатларнинг 60 фоизига яқини коммунал соҳаларга тўғри келмоқда. Шундан:

70 фоиз - табиий газ, 
18,4 фоиз - электр энергия, 
4 фоиз - иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти, 
1,8 фоиз - ширкатлар фаолияти, 
2,7 фоиз - ичимлик суви, 
3 фоиз - чиқинди ташиш ва бошқа масалаларга тегишли.

Мазкур мурожаатларни ўрганиб чиқиш натижасида истеъмолчилар фойдасига 276 миллион сўм маблағ қайтариб берилган.

Реклама бозорини тартибга солиш бўйича қўмита 2017 йилнинг бошидан бери 280 та ўрганиш ва таҳлиллар ўтказган, 179га яқин турли қонунбузарлик аниқланган, 11 нафар шахсга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилган, 79 та субъектга кўрсатмалар берилган.

Истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан эса олти ой ичида 970та таҳлил ўтказилган, 269 та ҳолатда турли қонунбузарликлар аниқланган, 16 нафар шахсга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилган. Ҳозирда 200 га яқин ҳужжат чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва бошқа тегишли органларга юборилган.

Айни дамда қўмита томонидан дори-дармон воситалари нархи назорат остига олинган. Шунингдек, мактаб бозорлари ҳам мониторинг қилинмоқда.