Audi компанияси бир хилдаги идентификация рақамига (VIN) эга бўлган бир неча минг машина ишлаб чиқаргани аниқланди. Handelsblatt нашрининг маълум қилишича, бу машиналар Осиёга экспорт қилинган. Немис маркаси нима учун бундай қилгани ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда.

Машиналарнинг бир хилдаги VIN-код билан чиқарилганидан гувоҳлик берувчи ҳужжатлар Германия прокуратураси ходимлари томондан тасодифан аниқланган. Бу ҳужжатлар “дизельгейт” можароси тергов қилиниши доирасида компания ҳужжатларини ўрганиш вақтида топилган.

Терговчилар компания нима учун бундай қилганининг сабабларини айта олмаяптилар ва бунинг исботига эга эмаслар. Бир хилдаги рақамларга эга машиналар тахмин қилинишича, Хитой, Жанубий Корея ва Японияга жўнатилган. Компаниянинг ўзида эса идентификация рақамлари билан қандайдир фирибгарликлар содир этилганидан бехабар эканликлари айтилган.

Ҳар бир автомобилга ишлаб чиқариш босқичида алоҳида 17 рақамли VIN-код берилади. Германия ва Европа Иттифоқи қонунларига кўра, бу кодларни камида 30 йил ичида такроран қўллаб бўлмайди. Агар машиналар бир хил рақамлар олган бўлса, бу уларни қайд қилиш ва турли текширувлар вақтида муаммоларга олиб келиши мумкин.