Бугун 25 августда Германиянинг Ҳамбург шаҳрида Бокс дунёсининг 2017 йилги энг нуфузли мусобақасига старт берилади. 25 августдан 2 сентябргача Ҳамбург шаҳри AIBA World Boxing Championship-2017 мусобақасига мезбонлик қилади. Унда Ўзбекистон терма жамоаси камсонли мамлакатлар сингари тўлиқ таркибда иштирок этади. Улар шу йилнинг 7 августида иқлимга мослашиш ва сўнгги тайёргарлик кўриш мақсадида Ҳамбургга жўнаб кетишган эди.

Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган спорт турлари бўйича мутахассисларнинг таъкидлашича, тўрт йилликнинг нуфузли мусобақасига нисбатан Жаҳон чемпионатида кучлилар қаторидан ўрин эгаллаш мушкулроқ. Ўзбекистон Бокс федерацияси матбуот хизматининг хабар қилишича, жаҳон чемпионатида дунёнинг 80 дан ортиқ мамлакатларидан кўзга кўринган чарм қўлқоп усталари 10 та вазн тоифасида чемпионлик учун баҳсларга киришади. Қуйидаги жадвалда мусобақаларнинг тўлиқ жадвали билан танишишингиз мумкин. 

Фото: olympicboxing.uz

Қуръага кўра, Ўзбекистон терма жамоасининг илк жангини  -91 кг вазн тоифасидаги иқтидорли ёш боксчимиз Санжар Турсунов бошлаб беради ва никарагуалик Жеффри Гонсалесга қарши рингга кўтарилади. Биринчи давра учрашувлариданоқ рингга кўтариладиган чарм қўлқоп устаси Гонсалес устидан ғалабага эриша олса, иккинчи даврада аргентиналик Ямил Пералтага қарши жанг қилади. 

Фото: olympicboxing.uz

Қуръа натижасига кўра, энг оғир +91 кг вазн тоифасида Осиё чемпиони Баҳодир Жалолов жаҳон чемпионатида биринчи рақам остида рингга кўтарилади. У тўғридан-тўғри иккинчи даврадан баҳсларга қўшилади. Баҳодирнинг рақиби даниялик Кем Ларсен ҳамда анголалик Мбуи Карлос Масиа ўртасидаги жангдан сўнг маълум бўлади.

Фото: olympicboxing.uz

 

-81 кггача вазн тоифасидаги моҳир боксчимиз Рио-2016 Олимпиадаси кумуш медали совриндори, Осиё чемпиони Бектемир Мелиқўзиев ўз вазн тоифасида иккинчи рақам остида сараланди. Бектемир тўғридан-тўғри баҳсларни иккинчи даврадан бошлайди. Чарм қўлқоп устамизнинг рақиби россиялик Муслим Гажимагомедов ҳамда колумбиялик Жейссон Варела Монрой ўртасидаги жангдан сўнг маълум бўлади.

Фото: olympicboxing.uz

-75 кг вазн тоифасида иштирок этувчи яна бир иқтидор соҳиби, Осиё чемпиони Исроил Мадримов ўз вазн тоифасида еттинчи рақам остида сараланди. Амалдаги Олимпиада чемпиони кубалик Арлен Лопес биринчи рақамда ҳаракат қилади. Шунга қарамай, у ўз иштирокини тўғридан-тўғри иккинчи даврадан бошлайди. Исроилнинг рақиби Пуэрто-Рико вакили Луис Родригес ҳамда туркманистонлик Азиз Ачилов ўртасидаги жангдан сўнг маълум бўлади. Эслатиб ўтамиз, Мадримов шу йили Самарқандда Бутунжаҳон бокс серияси (WSB) доирасидаги “Cuba Domadores” жамоасига қарши кечган жангда айнан Арлен Лопесни шов-шувли тарзда таслим этганди. Ўз ўрнида Лопес Рио Олимпиадаси финалида Бектемир Мелиқўзиевдан устун келганди.

Фото: olympicboxing.uz

69 кггача вазн тоифасидаги Рио-2016 Олимпиадаси кумуш медал соҳиби, Осиё чемпиони Шаҳрам Ғиёсов ўз вазн тоифасида биринчи рақам остида сараланди. У ҳам ўз иштирокини тўғридан-тўғри иккинчи даврадан бошлайди. Чарм қўлқоп устасининг рақиби украиналик Евгений Барабанов ҳамда замбиялик Нкумбу Силунгве ўртасидаги жангдан сўнг маълум бўлади.

Фото: olympicboxing.uz

-64 кг вазн тоифасидаги ҳамюртимиз, Осиё чемпиони Иқболжон Холдоров ҳам ўз иштирокини тўғридан-тўғри иккинчи даврадан бошлайди. Эътиборли томони шундаки, чарм қўлқоп устаси ЖЧ рейтингида 5-рақам остида таснифланган. Ҳамюртимиз рақиби польшалик Матеж Полски ҳамда колумбиялик Жон Гуттьерес ўртасидаги жангдан сўнг маълум бўлади.

Фото: olympicboxing.uz

 

60 кггача вазн тоифасидаги яна бир Осиё чемпиони Элнур Абдураимов ўз иштирокини тўғридан-тўғри иккинчи даврадан бошлайди. Рейтингда 4-ўринда турган ҳамюртимизнинг рақиби австралиялик Харри Гарсайд ҳамда арманистонлик Карен Тонаканян ўртасидаги жангдан сўнг маълум бўлади.

Фото: olympicboxing.uz

 

-56 кг вазн тоифасида Рио Олимпиадаси совриндори, Осиё чемпиони Муроджон Аҳмадалиев “Кака” ўз иштирокини биринчи босқичдан бошлайди. У илк даврада рингга кўтарилувчи қозоғистонлик Қайрат Эралиев ва мексикалик Кристофер Флорес ғолибига қарши жанг қилади.

Фото: olympicboxing.uz

-52 кг вазн тоифасидаги ўзбекистонлик Осиё чемпиони Жасурбек Латипов ўз иштирокини биринчи босқичдан бошлайди. Унинг рақиби Пуэрто-Рико вакили Янкиэл Ривера бўлади.

Фото: olympicboxing.uz

- 49 кг вазнда Рио-2016 Олимпиадаси ғолиби, дунёнинг энг яхши боксчисига бериладиган Вэл Баркер совринининг амалдаги соҳиби Ҳасанбой Дўсматов ўз иштирокини иккинчи босқичдан бошлайди. У украиналик Назар Куротчин ва коста-рикалик Робинсон Родригес жуфтлиги ғолибига қарши рингга кўтарилади.

Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик бокс мухлислари ЖЧ-2017 баҳсларини UzReport телеканали орқали жонли эфирда томоша қилишлари мумкин.