KUN.UZ Москва шаҳрида “ЛексМобайл” юридик фирмасига асос солиб, меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб келаётган Ботиржон Шерматов билан суҳбат уюштирди. Мулоқот давомида мигрантларга салбий муносабат ҳақида ҳам фикр алмашилди.

Ботиржон Шерматовнинг сўзларига кўра, Россия пойтахти Москва шаҳрида 12 йилдан бери яшамоқда. Унинг айтишича, ўзбекистонлик мигрантларининг асосий қисми яхши, ҳалол меҳнат қилиб келаяпти. 

“Бу - салбий муносабат - охирги пайтларда ҳам Россия, ҳам ўзимизникилар томонидан қилинган ташвиқот натижаси, деб ўйлайман. Охирги йилларда кўрдикки, қандайдир клип, кино олинса, миграцияни ёмонлаб, салбий маънода тасвирлаш кўзга ташланди. Лекин ҳаётнинг ўзи бу нарсаларнинг нотўғрилигини кўрсатиб турибди-ку. Агарда, шундай хорлик-зорлик, ўша кадрларда кўрсатилган манзара бўлса, нега унда 1 млн 700 минг фуқаромиз қайтиб келмаяпти? Демак, у ерда ўша бўрттириб кўрсатилган ҳаёт эмас. 

Ҳаёт ҳаммада ҳар хил. Кимдир яхши жойда, кимдир сал бундайроқ ерда ишлаяпти. Бизнинг мигрантлар меҳнатсевар, ҳар қандай қийинчиликларга чидаб келади. Мен бир гапни бошқачароқ айтаман: “Мигрантнинг ўзи ёмон, юборган пули яхши”. Мигрантнинг уйидан чиқиб, Россияга кетиши ва уйга қайтиб келгунча йўлда ҳам ундан жуда кўп одамлар фойдаланади, унинг пулини олади, керак бўлса алдайди, талайди. Лекин, мигрант эсон-омон келмоқда, ота-онасига пул жўнатяпти, ишлаяпти. Шунинг учун бу нарсани тўхтатиш керак. 

Яқинда Ёшлар иттифоқининг раҳбари Қаҳрамон Қуронбоевнинг интервьюсини кўрдим. Бу мигрантларга озгина таъсир қилди. Интервьюда четга чиқиб кетишни салбий маънода тасвирлашга ҳаракат қилинган. Айтилмоқдаки, буюк бобомиз Нажмиддин Кубро ватан ёки саодатли ўлим, деб четга чиқмаган, уруш пайтидан кейин ота-болаларимиз ватанни ташлаб ҳеч қаерга чиқиб кетмаган, уларнинг ғурури бўлган, деган гап бўлди. Бу гаплардан кейин Россиядаги 1 млн 700 минг ёки бошқа давлатлардаги мигрантларимизнинг ғурури йўқми, деган савол пайдо бўлмоқда. Бу нотўғри гап. Нажмиддин Куброга келадиган бўлсак, улар ватанни мўғуллардан ҳимоя қилганлар. У ерда четга чиқиш ҳақида гап кетмаган. Бундан ташқари, урушдан кейин ҳам ўша пайтдаги одамларимизда четга чиқиб ишлаш имконияти бўлмаган аслида. Бизнинг мигрантлар ватанни ёмон кўрганидан, ватанфурушлигидан ёки ғурури йўқлигидан четга чиқиб ишлагани йўқ, ҳамма ҳар хил сабаб, эҳтиёж туфайли бориб ишлаяпти. Лекин мен бир нарсани айтмоқчиман, агарда Ўзбекистонни ҳимоя қилиш керак бўлса, юз фоиз шунга кафолат бераманки, бизнинг мигрантларимизнинг ҳаммаси қайтиб келиб, ватанни ҳимоя қилишга тайёр туради. Биргина мисол. Одатда, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари ўз фуқаролигидан осон кечиб, Россия фуқаролигини олишади. Ўзбекистонликларнинг асосий қисми фуқароликни олишга асоси бўлса ҳам олмайди. Нега? Уларнинг нияти, мақсади барибир Ўзбекистонга қайтиш”, - дейди Шерматов.   

Маълумот учун, Ботиржон Шерматов билан суҳбатнинг тўлиқ шакли сайтда тез орада тақдим этилади.