АҚШ Давлат департаментининг расмий вакили Ҳизер Науэртнинг маълум қилишича, Қўшма Штатларнинг Кубадаги элчихонасида ишловчи камида 16 нафар ходим “акустик қурол”дан жабрланган. Брифинг видеоси идора сайтида эълон қилинди.

“Биз бундай ҳужумга учраган америкаликлар ҳақида тўлиқ маълумотни энди олмоқдамиз. Шуни тасдиқлашимиз мумкинки, элчихонамизнинг камида 16 ходимида у ёки бу аломатлар аниқланган. Уларга АҚШ ва Кубада тиббий ёрдам кўрсатилди. Биз бу вазиятга жуда жиддий эътибор қаратганмиз”, - деди у.

Шу билан бирга, Давлат департаментидагилар ҳодиса учун ким масъул эканига ойдинлик киритмаган.

Аввалроқ CNN телекомпанияси американинг 10 дан ортиқ дипломати Кубада “акустик ҳужум”га учрагани ҳақида хабар берганди.