KUN.UZ электрон почтасига келиб тушган мурожаатлардан бири эътиборимизни тортди. Унда ҳасрат ила тилга олинган сўзлар, муаммолар кишини ўйлантиради. Мурожаатда, жумладан, шундай дейилади:

“Мен 60 ёшни қарши олган нафақадаги аёлман. Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани, Эски Яккабоғ қўрғончаси, “Торторгузар” маҳалласи, 23-уйда яшайман. Баъзи аёллар каби мен ҳам бахтли она бўлишга ҳақли эдим, аммо ҳаётнинг аччиқ зарбаси тақдиримни ўзгартириб юборди. Турмуш қурмадим.

Мен оддийгина камбағал оилада туғилганман. Борига шукр, йўғига қаноат қилиб яшадим. Биз вайрона уйда яшаймиз. Баҳор ва қишда томимиздан чакка ўтиб туради. Шунинг учун ҳам баҳор ва қиш келди, дегунча юрагим безиллайди. Биз ота-онамдан қолган, 70 йил илгари қурилган уйда яшаймиз. Шу вайрона кулбада ногирон укам, унинг хотини икки фарзанди билан бирга истиқомат қиламиз. Биз ота-онадан 4 фарзанд қолган эдик. Бир акам ва укам оила қуриб алоҳида яшайди. Бешафқат тақдирни қаранг-ки, ёшгина акамни бевақт ўлим ҳаётдан эрта олиб кетди. Укаларимни уйли жойли қилиш учун кўплаб машаққатларни бошимдан ўтказдим. Турмушга чиқиб, оила қуришга вақтим ҳам бўлмабди. Турмуш ва рўзғор ташвишлари ҳамон мени ўз домига тортади.

Ойлар, йиллар ўтиб, ёшим ўтганини ҳам сезмай қолибман, қолаверса, ногирон укамни боқиш менинг зиммамда эди. Мана уч йилдирки укам ҳам коммунал хизматда кўча тозаловчи бўлиб ишлайди. Хотини эса шифохонада фаррош. Оладиган маошлари кам, рўзғордан, бола-чақасидан ортмайди. Мен ҳам шифохонада 30 йил фаррош бўлиб ишлаб, нафақага чиққанман.

Фото: KUN.UZ

Мен уй-жойимни таъмирлаш мақсадида туман ҳокимлигига, МФЙ раисига бир неча маротаба мурожаат қилганман, улар эса қилиб берамиз, деган ваъдадан нарига ўтишмайди. Улардан натижа йўқ. Мен эса боравериб чарчадим. Хуллас, ишончим ҳам сўнди. Бир камбағал бечорани ким ҳам тинглайди. Баъзан шундай ноҳақликларни кўриб, дунёга сиғмай кетаман, на чора осмон узоқ, ер қаттиқ. Вайрона кулбада бир кун келиб, уйимиз қулашидан қўрқиб яшаймиз. Қандай қилсак экан, деб бошимиз қотган”.

Биз мазкур мурожаатда тилга олинган ҳолатларни ўз кўзимиз билан кўриш мақсадида кўрсатилган манзил томон йўл олдик. Бориб, кўргач амин бўлдикки, шароит ҳақиқатдан ҳам оғир. Инсон аталмиш мавжудот ана шундай ҳасратли шароитда сабр билан яшаб, умр кечираётгани, аввало, таҳсинга лойиқ. Аммо бизни бошқа масала ўйлантиради...

Мурожаатда айтилганидек, туман раҳбариятининг бу масалага кўз юмаётгани, улар ҳам майли, шу одамлар билан бирга нафас олаётган маҳалла раисининг бефарқлиги кишини ўйлантиради. Мана шу хонадонга келган киши, қўпол қилиб айтса-да, бу ерда инсон зоти яшайди, деган хаёлга келмайди. 

Фото: KUN.UZ

Ожизалар, мурғак қалблар ва бир ногирон эркак истиқомат қилаётган мазкур уй исталган пайт ер билан яксон бўлиши мумкин. Буни унинг ҳолати ҳам маълум қилиб турибди. Сув чиқмайдиган, газлаштириш етиб келмаган мазкур хонадон харобага айланган. Қумри хола билан гаплашар эканмиз, у кишининг самимий оҳангда, “ биз ҳам яхши уйларда яшасак, шу кун менга насиб этармикан?”, дейиши инсон кўнглини алланечук ғамга чўктиради.

Мазкур хонадонга саховат қўлини чўзиб, уларга уй олишда амалий ёрдам кўрсатадиган, моддий ёрдам қилиб, улкан савоб остида қолишни истовчилар учун қўшимча маълумотлар:

Пластик карта рақами: 8600 0423 9322 0891
Қумри Файзиеванинг телефон рақамлари: +998914599973