Душанбе яна қайтадан Эронни тожик сиёсатчиларининг шов-шувли ўлдирилиши, Тожикистон ҳудудида фуқаролар уруши келтириб чиқариш ва 2015 йилги давлат тўнтаришига уринишда айблаб чиқди. Ҳудудида гўёки тожикистонлик жангариларнинг тайёргарлик кўришига қўйиб берган Россия ҳам айбловлардан бенасиб қолмади. Тожикистон миллий банки миллий хавфсизликка таҳдид ошгани важи билан террорчиликда гумон қилиниб, қидирилаётган омонатчиларнинг ҳисоб рақамларини беркитиб қўйди, деб ёзади «Новая газета».

Республикада машҳур сиёсатдонлар, олимлар ва журналистлар Эроннинг молиявий ёрдами ва республика ҳукумати томонидан давлат тўнтариши уюштиришда айбланиб, 2015 йилнинг 4 сентябрида йўқ қилинган Тожикистоннинг собиқ мудофаа вазири Абдулҳалим Назарзоданинг бевосита буйруғи билан амалга оширилган. Бу айбловлар Тожикистон ИИВ томонидан тайёрланган ва август ойи бошида маҳаллий телеканалларда айлантирилган фильмда янграйди. Эрон фильмни нохолис ва асоссиз, «унинг ёрдамида муаллифлар давлатлараро муносабатларга путур етказмоқчи» деб атади.

Афтидан, Теҳроннинг жавоблари Душанбени қониқтирмаган кўринади ва Эрон томонини муайян ҳаракатларга ундовчи кейинги қадамлар босилган. Фильм инглиз, рус ва ўзбек тилларига ўгирилиб, YouTube тармоғида эркин томоша қилиш учун жойланган.

Бир вақтнинг ўзида «Авеста» агентлиги ўз сайтида шов-шувли фильмда тилга олиб ўтилган қотилликларни тергов қилган милиция полковниги Қурбонали Назаров билан интервьюни эълон қилган.

Назаров ҳам мамлакатда фуқаролар уруши келтириб чиқаришда Эронни, уларни террорчилик ҳаракатларига дахлдор Тожикистон ислом уйғониш партиясига (ТИУП) ён босишда айблаган. Эслатиб ўтамиз, ТИУП Тожикистонда жангарилар отряди тузган, улардан айримлари кейинчалик полковник Абдулҳалим Назарзода қўмондонлиги остида ҳаракат қилган экстремистик ташкилот, деб топилган. Қурбонали Назаровнинг интервьюда қайд этишича, исёнкор Назарзода қўл остидаги 25-батальон Россия Федерациясидан келган ҳарбий хизматчилардан тузилган. Айнан шу батальон билан Назарзода тожик ҳукуматига қарши чиққан.

Ўз сўзлари давомида Назаров Эронга муносабатларни изга тушириш усулини ҳам таклиф қилади: «Бундай вазиятлар юзага келганда тангликдан чиқиб кетиш йўлини топиш мумкин. Тожикистон ва Эрон муносабатларида битта чиқиш йўли бор — Эрон томони бу террорчилик ташкилотига (ТИУП назарда тутилмоқда) нисбатан муносабатини ойдинлаштириб олиши, уни ҳомийлигига олмаслиги ва Душанбе билан икки томонлама алоқаларни тоза варақдан бошлаши керак».

Тожик-эрон муносабатларининг бузилишига формал сабаб сифатида ТИУП етакчиси Муҳиддин Кабирийнинг 2015 йил декабрь ойида — партия фаолияти Тожикистонда тақиқланганидан сўнг Теҳронда бўлиб ўтган «Ислом бирлиги» конференциясида иштирок этгани келтирилади. Бироқ бир қатор экспертлар ТИУП фақат бир баҳона эканлигини, чунки бу масалада Тожикистонни дунёдаги ҳеч бир давлат қўллаб-қувватламаганини таъкидлашади. Аслида, пайдо бўлган тарангликка сабаб — молиявий масалалардир. Теҳрон Душанбедан 2,7 миллиард долларни қайтаришни талаб қилмоқда. Уни эронлик миллиардер Бобоқ Занжоний Эронга нисбатан жорий этилган санкциялардан қочиш учун сотилган нефть пулларини Тожикистон банклари орқали қабул қилиб олган. Занжонийнинг ўзи Эронда 2013 йилнинг декабридан буён ҳибсда ушлаб турилибди ва олий жазо — осишга ҳукм қилинган. Уни фақатгина Эронга қайтарилган пулларгина қутқара олади.

«Эроннинг Тожикистон билан муносабатларини бузишга қаратилган хатти-ҳаракатлари очиқ-ойдин кўриниб турибди. Бу ҳолатда молиявий эътирозлар, Занжонийнинг Тожикистон банкларидаги ҳисоб рақамлари, кўчмас мулклари ҳақидаги саволлар ўз-ўзидан ўртадан кўтарилади. Гап Тожикистондан ҳам бақувватроқ давлатлар ўлчови билан олинганида ҳам улкан суммалар ҳақида кетмоқда», — дейди «Новая газета»нинг Марказий осиё ва Кавказ бўлими мудири Андрей Грозин.

Унинг сўзларига кўра, Эрон нефтини жаҳон бозорларида сотишнинг яримқонуний схемалари билан боғлиқ барча маблағлар турли давлатлардаги банк ҳисоб рақамлари орқали ўтган, жумладан Тожикистон орқали ҳам. Буни Занжонийнинг Тожикистон миллий банкидан олган ва Эрон судига тақдим этган маълумотномаси ҳам тасдиқлаб турибди.

«Тожикистон миллий банки вакиллари бу ҳужжатни қалбаки деб аташган. Бироқ турли ҳужжатлар, Занжоний Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан тантанали маросимларда лента қирққани суратга олинган видеоматериаллар бунинг аксини исботлаб турибди. Энди эса Тожикистондагилар ҳеч қанақа пулларни кўрганимиз йўқ, ҳеч қанақа тўлов қилмаймиз, деб туриб олишган. Вазият Тожикистоннинг айрим муаммоларини очиб бермоқда. Бу ресурслар ва маблағлар етишмаслиги, қаердан бўлса ҳам максимал фойда чиқариш нияти», — деди Грозин.

«Новая газета» манбасининг тасдиқлашича, Занжоний Тожикистонда президент Имомали Раҳмон ва унинг атрофидагилар ўртасида катта обрў-эътиборга эга бўлган: «Унга ҳаттоки Тожикистон паспорти ҳам тақдим этилган. Унинг машинасига 080 РТ давлат рақами берилган (Тожикистонда 100дан паст барча рақамлар ижроия ҳукуматга тааллуқлилик белгиси саналади). Президент ишончига кириш учун у Тожикистон иқтисодиётига турли маълумотларга кўра 50дан 500 миллион долларгача сармоя ётқизган. Лекин буларнинг барчаси нефть савдосидан тушган пулларни нақдлаштириш мақсадида амалга оширилган. Маълумотларга кўра, нефть учун Занжоний Россия рублини олган, кичикроқ фоизлар эвазига уни доллар ва юанга алмаштирган. Ўша пайтларда бу операциялар SWIFT тизими орқали ўтган, лекин ўша пайтлар (2011-13 йиллар) да бу операцияларга ҳеч ким қизиқмаган, чунки республикага йилига 4,5 миллиард долларгача меҳнат мигрантларининг пуллари оқиб келарди. Тожикистон банклари, ўз навбатида кичикроқ фоиз эвазига Занжонийнинг пулларини Хитой оффшорларига жўнатиб турган». Манбанинг сўзларига кўра, бугунги кунда Тожикистонда Занжонийнинг пули йўқ. Шу сабабли Имомали Раҳмон бу масалага нуқта қўймоқчи.

Андрей Грозиннинг фикрича, Душанбе томонидан дастакланаётган бу инқироз Тожикистон учун алоқаларнинг бутунлай узилиши билан тугагани маъқулроқ. Миллий банкнинг «шубҳали шахслар»нинг ҳисоб рақамлари беркитилиши ҳақидаги баёноти ҳам бу контекстга мос келади. Бу рўйхатга Занжоний ҳам қўшилиши мумкин. Теҳрон ҳозирча жавоб беришдан ўзини тортиб турибди. Лекин у томонда ҳам тожикча стратегия ҳийлаларига билиб-билмай ўйнаб қўядиганлар топилиб қолиши мумкин.