Европарламентнинг бюджет қўмитаси 2016-2017 йиллардаги кучли зилзилалардан жабр кўрган Италиянинг бир қатор ҳудудларини тиклаш учун кейинги ҳафтада Европа Иттифоқи бирдамлик жамғармасидан 1,2 млрд евро ажратишни маъқуллайди.

Жумладан, ёрдам Абруццо, Лацио, Марке ва Умбрия вилоятларини тиклашга ажратилади.

“Кейинги чоршанба куни бюджет қўмитаси Италияга кўмак тақдим қилиш учун Европа Иттифоқи бирдамлик жамғармаси маблағларини сафарбар қилишга овоз беради. 2016 йил август охири ва 2017 йил январь ўртасигача Италияда юз берган кучли зилзилалар 333 кишининг ҳалок бўлиши ҳамда инфратузилма, бизнес ва аҳолига жиддий зиён етишига  олиб келган”, деб маълум қилинган хабарда.

Аввалроқ маълум қилинганидек, жамғарма жабрланган ҳудудларда иқтисодий фаолликни тиклаш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди. Маблағлар шунингдек вақтинчалик уйлар билан таъминлашга, маданий мерос объектларини ҳимоялашга йўналтирилиши мумкин.

Бюджет қўмитасида овоз беришдан кейин бутун Европарламентнинг яна бир қарори керак бўлади. Таъкидланишича, бу масала бўйича Европарламентнинг сентябрдаги сессиясида овоз берилиши мумкин. 

Еврокомиссия ажратаётган сумма бу жамғармадан бир вақтда ажратилаётган энг катта суммадир. Жамғарма 2002 йилда Европадаги йирик табиий офатлар ҳолатига тузилган. Маълум қилинишича, жамғарма Европанинг 20 дан кўпроқ давлатига 5 млрд евродан кўпроқ маблағ ажратган.