2017 йилнинг 22-25 август кунлари Янчжоу шаҳрида (Хитой) Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Миллий координаторлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Ҳиндистон, Покистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Хитой ва Ўзбекистон вакиллари ташкилот доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари ва Давлат раҳбарлари кенгаши, Ҳукумат раҳбарлари (бош вазирлар) кенгаши, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши ва бошқа низомий органлар мажлисларининг кун тартиби ва ўтказилиш жадвали юзасидан фикр алмашишди.

Хитой томони ўзининг ШҲТга раислиги доирасида амалга ошириш кўзда тутилган ҳаракатлар дастурини тақдим этди.

Ўзбекистон делегацияси миллий координаторларга Тошкент шаҳрида бўладиган ШҲТга аъзо давлатлар Адлия вазирлари ва Олий судлар вакиллари йиғилишларига тайёргарлик жараёни ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, мажлисда ШҲТ кун тартибининг бошқа масалалари ҳам кўриб чиқилди.