Ҳиндистонда зўравонликда айбдор деб топилган маҳаллий секта етакчисига суд ҳукми чиқарилгандан кейин содир бўлган тартибсизликларда 25 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда The Hindustan нашри хабар бермоқда.

Минглаб одамлар маҳаллий диний етакчи Гурмита Рам Раҳимга чиқарилган жазо ҳукмига норозилик сифатида кўчаларга чиқишди. Суд Раҳимни унинг Дера Сача Сауда диний сектасига кирган икки аёлнинг номусига тегишда айбдор деб топган.

Гуру тарафдорлари Панжоб ва Харияна штатлари кўчаларига чиқиб, давлат идоралари биноларига тош улоқтиришган, журналистлар ва полицияга ҳужум қилишган, автобус ва поездларга ўт қўйишган. Суд бўлиб ўтган Чандигарх шаҳрининг ўзида норозилик намойишларида 200 минг дан кўпроқ одам иштирок этган.

50 ёшли Раҳим 1948 йилдан бери мавжуд бўлган секта етакчиси ҳисобланади ва гиёҳванд моддаларга қарши курашни тарғиб қилади. Дунёда 60 млн дан кўпроқ одам ўзини Раҳимнинг издоши деб ҳисоблайди. Ушбу секта кам таъминланганларга бепул тиббий ёрдам беради  ва ижтимоий хизматлар, жумладан никоҳ тўйларини ўтказиб беради. 

The Guardian нашрининг хабар беришича, Раҳим аёлларни зўрлагани ҳақида 2002 йилда Ҳиндистон бош вазири унинг жиноятлари ҳақида аноним хабар олгандан кейин маълум бўлган. Шу йилнинг ўзида секта фаолияти ҳақида мақола ёзган журналист отиб кетилган.

Раҳимга тайинланган ҳукм кейинги ҳафтадан кучга киради, Раҳим камида 7 йилга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.