Жорий трансфер ойнаси давомида Англия Премьер Лигасига клубларининг трансферлар учун сарфлаган пуллари 1,17 миллиард фунтни ташкил этди ва бу лига тарихидаги рекорд кўрсаткичдир. Бу ҳақида Deloitte таҳлилчилари хабар бермоқда.

Ўтган ёздаги кўрсаткич 1,165 миллиард фунтни ташкил қилган эди. Яна шуни эътиборга олиш лозимки, трансфер ойнаси ёпилишига ҳали бир ҳафта вақт бор. Ўтган йилнинг шу вақтига жами сарфланган пуллар 865 миллион фунтни ташкил қилган эди холос. Демак бу йилги рақам яна сезиларли суръатда ошиши мумкин.

Зеро, бир қатор таҳлилчилар «Ливерпуль», «Манчестер Сити» ва «Челси» клубларининг сўнгги ҳафтада бир қатор трансферлар амалга оширишларини тахмин қилишмоқда. 

Бу ёзда айниқса, Манчестер клублари трансфер бозорида актив бўлдилар ва улар сарфлаган маблағлар умумий сумманинг қарийб 30 фоизини ташкил қилди. Энг йирик трансферлар сифатида эса, Ромелу Лукакунинг 75 миллион фунт эвазига «Эвертон»дан «МЮ»га ўтиши (бу Англия ички бозоридаги рекорд суммадир) ва «Челси»нинг Алваро Мората учун 70 миллион фунт тўлаганини келтириш мумкин.