Қирғизистон парламенти президент аппарати раҳбари Сапар Исоқов номзодини бош вазир лавозимига тасдиқлади. Мазкур қарор 90 нафар депутат томонидан қўллаб-қувватланди, 5 депутат унга қарши овоз берди. Шунингдек депутатлар янги кабинет таркиби ҳамда номзод тақдим этган дастурни ҳам маъқуллашди. "24kg" шу ҳақида хабар берди. 

Исоқов билан бирга ҳукуматга Тўлқинбек Абдигулов (бош вазирнинг 1-ўринбосари), Темир Жумақодиров (хавфсизлик масалалари бўйича бош вазир ўринбосари), Артём Новиков (Иқтисодиёт вазирлиги), Улан Рисқулов (Давлат саноат, энергетика ва ер ости бойликларидан фойдаланиш  қўмитаси) ва Нурбек Абасканов (Давлат алоқа қўмитаси)лар кириб келди. Дуйшанбек Зилолиев эса Олег Панкратовнинг ўрнини (иқтисодий масалалар бўйича бош вазир ўринбосари) эгаллади. 

Қолган вазирлар ўз ўринларида қолишди. Молия вазири Оқилбек Қосималиев ва бош вазирнинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Чўлпон Султонбекова шулар жумласидандир. 

Таъкидлаш жоизки, собиқ бош вазир 21 август куни истеъфога чиқиш учун ариза ёзган. Шу куннинг ўзидаёқ Марказий сайлов комиссияси унинг номзодини президентликка рўйхатдан ўтказган.