Ўзбекистон мусулмонлари идораси Макка шаҳрида Ҳаж зиёрати чоғида Ҳарамдан тушиб кетган аёл ўзбекистонлик эмаслиги ҳақида баёнот берди. Бу ҳақдаги эълон идоранинг расмий сайтида нашр этилди.

Фожеа 22 август, сешанба куни юз берган эди.

«Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Маккаи мукаррамадаги Ҳарамда юз берган фожеа видеоси кенг тарқалмоқда. Видеотасвирда Ҳарамнинг юқори қаватидан бир аёл пастга тушиб кетган ва унга биринчи ёрдам кўрсатаётганлар орасида ўзбекистонлик зиёратчи ҳам кўринган. Шу сабабли йиқилган аёл ҳам ўзбекистонлик зиёратчилардан бири деган нотўғри маълумот тарқалган», — дейилади хабарномада.

«Ўзбекистон ишчи гуруҳи мазкур масалани атрофлича ўрганди. Ўзбекистондан келган зиёратчилар соғ-саломат ҳолда ибодатларини давом эттирмоқда», — дейилади идора баёнотида.

Ҳарам хавфсизлик хизмати йиқилган аёл эфиопиялик зиёратчилардан эканини аниқлади.