Ўзбекистон ҳунармандлар уюшмаси, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, DVV International  ваколатхонаси ва бир қатор ҳомийлар билан ҳамкорликда жорий йилнинг 12-16 сентябрь кунлари Марғилон шаҳрида “Атлас байрами” миллий матолар фестивали ўтказилади. Фестивалнинг дастлабки кунларида Республикамизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган ҳунармандлар иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Таниқли ва машҳур хорижлик мутахассислар ўз салоҳиятларини бошқалар билан ўртоқлашишади.

15 сентябрь санасида Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш марказида “Атлас байрами” фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтади. Унда бир қатор хорижлик ҳамкорлар, таниқли ҳунармандлар, машҳур дизайнерлар иштирок этади.

Фестиваль доирасида “Марказий Осиё халқлари аънанавий матолар ва барқарор ривожланиш” мавзусида анжуман, “Ўзбек анъанавий гиламчилик санъати” кўргазмаси, халқ сайли, аския ва катта ашула ижрочилиги, фольклор жамоаларнинг чиқишлари, кураш мусобақлари, дорбоз ҳамда қўғирчоқ ўйинлари намойиши ҳам ўтказилади. Дарвоқе, вилоятлардаги ошпазлар иштирокида ош танлови ҳам бўлиб ўтиши кўзда тутилган.

Шунингдек, таниқли ҳунармандларнинг ноодатий маҳсулотлари кўргазмаси ҳамда ёш дизайнерларнинг либослар тақдимоти бўлиб ўтади. Вилоятлардан ташриф буюрган ҳунармандларнинг миллий маҳсулотларини эса фестивалга ташриф буюрганлар харид қилишлари мумкин. Ўзбек эстрада юлдузлари иштирокида гала-концерт ҳам “Атлас байрами” фестивалининг дастурига киритилган.

Аҳрор Зиё, Фарғона