Microsoft корпорацияси Windows 10'нинг янгиланиши силлиқ кечмаганига иқрор бўлди.  Гап операцион тизимнинг муваффақиятсиз чиққанида эмас - аксинча, кўпчилик уни Windows 8 ва 8.1'дан яхшироқ деб ҳисобламоқда. Бироқ компаниянинг мижозларни тизимни янгилашга чорлаш усули аксарият фойдаланувчиларга маъқул келмади. Шу муносабат билан компания фойдаланувчиларга бундан буён ҳеч қачон тизимни янгилашга "мажбур қилмаслик"ка ваъда берди, таъкидлаш жоизки, ушбу ваъда суд залида берилди. Hi-Tech шу ҳақида хабар берди. 

Агар сиз Windows 10'нинг янгиланиш тактикаси билан таниш бўлмасангиз, жараён ҳақида сўз юритамиз:  Windows 10 пайдо бўлганидан сўнг Windows фойдаланувчилари уларнинг компьютерлари автоматик равишда катта ҳажмдаги Windows 10'нинг янгиланиш файлини юклай бошлаганини сезишган. Шуниси қизиқки, бунинг учун фойдаланувчининг рухсати ҳам сўралмаган. Янгиланишга доир тушунарсиз ва ҳатто чалғитувчи огоҳлантиришлар муаммони янада чуқурлаштириб юборган. 

Ниҳоят, Microsoft ўзининг янгиланиш стратегиясида "ҳаддан ташқари чуқурлашиб кетгани"ни тан олиб, атрофдагиларни бу воқеа унга сабоқ бўлганига ишонтирди. Microsoft Germany эса маҳаллий Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамиятининг даъвосига жавобан бошқа ҳеч қачон операцион тизимни янгилаш учун файлларни автоматик равишда юкламасликка ваъда берди. Бу баёнотни "истеъмолчилар ҳуқуқи учун кураш йўлидаги катта муваффақият" деб ҳисоблаш мумкин.