Пастдарғом туманида ўтказилаётган “Тозалаш” тадбири давомида профилактика инспекторлари томонидан “қиморбозлар” қўлга олинди. Бу ҳақда KUN.UZ’га ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси хабар берди.

2017 йил 23 август куни, соат 11.00ларда Пастдарғом туман ИИБ ҲПБ профилактика инспекторлари томонидан Пастдарғом тумани “Ўрта чархин” маҳалласида яшовчи фуқаро У.М. яшаш уйининг алоҳида хонасида пул эвазига қиморхона ташкил қилиб, қимор ўйини иштирокчилари И.И., Ш.Ю. ва У.Х.ларга қимор ўйини учун шароит яратиб берганлиги аниқланиб, қўлга олинди.

Ўйинга тикилган 1.783.000 сўм пул ва ўйин карталари далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Пастдарғом тумани ИИБ томонидан фуқаро У.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 278-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.