Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича «Mirzo Ulugbek Innovation Center» Инновация маркази 2017 йилнинг 25 августидан бошлаб буюртмалар қабул қила бошлади ҳамда ўзининг – www.muic.uz расмий сайтини ишга туширди. Бу ҳақда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати хабар берган.

Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича «Mirzo Ulugbek Innovation Center» Инновация маркази тўғрисидаги Низомга асосан буюртмалар онлайн режимида унинг расмий сайти орқали қабул қилинади. Шунингдек, буюртмалар шахсан ёки почта алоқаси орқали ҳам қабул қилинади.

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида рўйхатдан ўтганлигидан қатъи назар, барча юридик шахслар Инновация марказининг резиденти мақомини олишга номзод бўлишлари мумкин.

«Mirzo Ulugbek Innovation Center»га қизиқиш билдирган юридик шахслар барча талабларни, резидентларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисидаги батафсил маълумотларни марказнинг расмий сайтидан олишлари мумкин.

«Mirzo Ulugbek Innovation Center» Дирекцияси рўйхатдан ўтган резидентлар ҳамда Инновация марказининг тадбирлари тўғрисидаги маълумотларни ўз сайти орқали доимий тарзда ёритиб боради.

Маълумот учун, «Mirzo Ulugbek Innovation Center» Инновация маркази Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 июндаги «Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига асосан ташкил этилган.

Инновация марказининг асосий мақсади – АКТ соҳасида ишлаб чиқариш, таълим ва илм-фан интеграциясини чуқурлаштириш, шунингдек, иқтисодиётнинг юқори технологик соҳалари ривожи учун қулай шароитларни яратишдир.