Вазирлар Маҳкамасининг 11.08.2017 йилдаги 617-сон қарори билан олий таълим муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлашнинг янгиланган миқдорлари тасдиқланди. Бу ҳақда Norma.uz ёзмоқда.
 
Жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб олий таълим муассасаларининг бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлашнинг ҳужжат билан тасдиқланган разрядлари жорий этилади.

Бундан ташқари, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилар таркиби, раҳбар ходимлар ва бошқа ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашнинг янги базавий миқдори қабул қилинди.

Шунингдек, қатор вазирлик ва идоралар таклифларига биноан кундузги ўқиш бўйича олий таълим йўналишлари ва мутахассисликларига қараб 1 та ўқитувчига тўғри келадиган талабалар сони нисбатининг чекланган нормативлари қуйидагича нисбатда белгиланди:

•  2009/2010 ўқув йилидан – 1:10,5;
•  2019/2020 ўқув йилидан – 1:10;
•  2020/2021 ўқув йилидан – 1:9,5;
•  2021/2022 ўқув йилидан – 1:9.

Вилоятлар ва таълим шаклларига кўра блоклар нисбати бўйича нормативлар Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланади.