Ўзбекистон ва Украина ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил тўлиши муносабати билан икки давлат раҳбарлари қутлов мактубларини ўзаро алмашдилар. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Украина президенти Пётр Порошенконинг мактубида шундай дейилади: “Сизни Украина ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан муборакбод этаман”.

Порошенконинг умид билдиришича, “чорак асрлик тенг муносабатлар тарихи давлатларимиз ўртасида шериклик муносабатларини янада ривожлантириш учун ишончли асос саналади”.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўз мактубида таъкидлашича, “ўтган давр мобайнида мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги анъанавий дўстона муносабатлар ўзаро ҳурмат, манфаатларни ҳисобга олиш ва тушуниш руҳида изчил ривожланган ва мустаҳкамланиб борилган”.

Ўзбекистон раҳбарининг қайд этишича, “Ўзбекистон-Украинанинг ўзаро манфаатли ҳамкорлиги, айниқса савдо-иқтисодий соҳада, мамлакатларимиз халқларининг фаровонлиги учун бундан кейин ҳам кенгаяди ва чуқурлашиб боради”.